Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади
“Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–191-сон, 10.09.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2027/2028 ўқув йилидан бакалавриат таълим йўналишлари бўйича тиббиёт таълими соҳасига ажратилган давлат буюртмаси параметрлари таълим йўналишлари кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади. Бунда:
Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни ўрганиш бўйича асосий ишчи орган ҳисобланади.
Қабул кўрсаткичлари тиббиёт ва фармацевтика кадрларига бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёждан келиб чиқиб, ҳудудлар эҳтиёжи, тиббиёт ташкилотларининг эҳтиёжи ҳамда тегишли мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилигини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.
2027/2028 ўқув йилидан тиббиёт соҳасида кадрлар тайёрловчи олий таълим ташкилотларида:
– даволаш иши бакалавриат таълим йўналиши негизида “5+1” шаклидаги (битирувчи курс талабалари бир йил тўлиқ амалиёт ўташи шаклида) 6 йиллик умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади;
– амалда даволаш иши бакалавриат таълим йўналишининг тегишли босқичларида таҳсил олаётган талабаларнинг ўқув жараёнлари янги мослаштирилган ўқув режа ва дастурлар асосида ташкил этилади;
– умумий тиббиёт бакалавриат таълим йўналиши битирувчилари умумий амалиёт шифокори квалификациясига эга бўлади ва улар белгиланган тартибда оилавий шифокор лавозимида фаолият юритиши мумкин бўлади;
– тиббиёт соҳасининг барча бакалавриат таълим йўналишларида битирувчи курс талабалари учун тўлиқ ўқув йили давомида амалиёт ўташ тизими жорий этилади;
– стоматология йўналишида талабаларнинг амалий машғулотларини ташкил этиш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларига стоматология поликлиникалари бириктириб берилади.
ЎзА