Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш борасидаги жараёнлар ўрганилди
Ўтаётган ҳафтада Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби томонидан Самарқанд вилоятида давлатимиз раҳбарининг шу йил 5 январда қабул қилинган «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Хусусан, штаб ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд туманидаги Сўлим маҳалласида еттилик вакиллари билан мулоқотда ҳудуддаги криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, айниқса, хавф гуруҳига кирувчи шахслар билан индивидуал ишлаш самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Мулоқот давомида “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш” комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, масъулларга профилактика ишларини тизимли ташкил этиш, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларни аниқлаш ва улар билан манзилли ишлаш механизмларини такомиллаштириш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирларини кучайтириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳи томонидан Нарпай, Пастдарғом ва Самарқанд туманларидаги штаблар фаолияти ўрганилди. Ўрганишлар давомида ижтимоий профилактика соҳасидаги муаммолар, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда манзилли ишлаш тизимини самарали жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари А.Муратов томонидан меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилиши олдини олиш мақсадида меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларига халқаро стандартлар асосида ўқитиш, касбий малакасини халқаро стандартлар асосида баҳолаш ҳамда Европа давлатларида қонуний ва юқори даромадли иш ўринларига жойлаштиришга қаратилган “Хорижда иш” номли тақдимоти билан ҳам танишилди.
Самарқанд шаҳридаги 3 йилдан буён “қизил” тоифада бўлган, ҳозирда “сариқ” тоифага ўтган Боғисарой маҳалласида Криминология тадқиқот институти масъуллари томонидан олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Маҳаллада ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар ва ишсизлар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий муаммоларини бартараф этишга қаратилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалар белгиланди. “Маҳалла еттилиги” аъзоларига ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича вазифаларни масъулият билан бажариш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд давлат техника университетида “Ёшлар жиноятчилигининг барвақт олдини олишнинг криминологик жиҳатлари” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда университет масъуллари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан таълим муассасасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш, университет ҳудудида жорий этилган видеокузатув тизимлари ва Face ID камералари фаолияти, талабалар турар жойлари ҳамда ижарада истиқомат қилаётган талабалар билан олиб борилаётган профилактика тадбирлари муҳокама қилинди. “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи, тьюторлар, профилактика инспекторлари, психологлар ва тарбиячи-педагогларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада самарали ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ вилоятда руҳий ва наркологик касалликлар билан рўйхатда турувчи беморларнинг яқин қариндошлари билан мулоқот ўтказилиб, беморлар томонидан салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш ва даволаш жараёнлари бўйича мутахассислар томонидан маълумот ва тушунтиришлар берилди.
Ўрганишлар якунлари бўйича вилоят прокуратурасида Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби раҳбари — Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раислигида йиғилиш ўтказилди.
Кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилишда вилоят ҳокими, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби ва ишчи гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар масъул раҳбарлари, уларнинг ҳудудий тузилмалари бошлиқлари, шунингдек, вилоят, туман ва шаҳарлар ишчи гуруҳлари аъзолари ҳамда ҳокимлари иштирок этди.

Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, видеокузатув тизимларини “Хавфсиз шаҳар” марказига интеграция қилиш, оилавий низоларни медиация орқали ҳал этиш, шунингдек, ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар фарзандлари билан ишлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири