Тиббиёт муассасаларида 250 дан ортиқ эндокринолог-шифокор етишмайди
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида дастлаб аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишга доир галдаги устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтилди.
Вазир Асилбек Худоёров Президентимиз ихтисослаштирилган марказлар олдига қуйи бўғинга тушиб ишлаш, малакали тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш билан боғлиқ устувор вазифаларни қўйгани, тизимдаги ислоҳотлар натижасида баъзи марраларга эришила бошлангани, лекин бу етарли эмаслигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, қандли диабет – тобора яшариб бораётган эндокрин касалликлардан бири. Ҳозир дунё бўйича ярим миллиарддан ортиқ киши ушбу дарддан азият чекмоқда. 2050 йилга бориб, бундай беморлар сони 1,3 миллиард нафарга етиши прогноз қилинган.
Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 3 та кўрсаткичи айнан қандли диабетга қаратилган. Хусусан, 2030 йилга қадар бу касалликни эрта аниқлашни 70 фоизга етказиш, хасталик ташхиси қўйилган беморларнинг 50 фоизини профилактик кўрикларда аниқлашга эришиш мақсад қилинган. Шунингдек, қандли диабетга чалинганларни 100 фоиз даволаш билан қамраб олиш (ҳозир 92 фоиз) белгиланган.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда бу борада мавжуд муаммолар, аввало, кадрлар таъминоти ва салоҳияти билан боғлиқ экани таъкидланди. Юртимиздаги эндокринолог-шифокорларнинг 1 258 та штат бирлигидан 250 дан ортиғи вакант, шундан 99 фоизи туманлар ҳисобига тўғри келиши жиддий танқид қилинди. Бу борада Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳолат қониқарли эмас.
Касалликни аниқлаб, назоратга олиш масаласида ҳам жойларда жиддий муаммолар бор. Баъзи ҳудудларда диабетик тўпиқ синдромига чалинганлар сони ортган. Марғилон ва Қўқон шаҳарлари шулар сирасидан.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли, Беруний, Чимбой туманларида диабетик нефропатия касаллиги аниқланганлар сони ошган. Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларининг қатор туман-шаҳарларида ҳам бу борада камчиликлар қайд этилган.
Қолаверса, диабетик ретинопатия бўйича баъзи ҳудудларда кўрсаткичлар, афсуски, талаб даражасида эмас. Аҳолидан дори таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ мурожаат ва шикоятлар келиб тушган. Қалқонсимон без, болаларда ўсиш гармони бузилиши, семизлик каби бошқа касалликларни эрта аниқлаш ва даволашда ҳам муаммолар мавжуд.
Шу сабабли раҳбарлар қатъий огоҳлантирилиб, айрим масъулларга интизомий жазо чоралари қўлланилди.
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг филиаллари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари зиммасига бирламчи бўғинда эндокрин касалликлар профилактикасини кучайтириш, янги скрининг текширувларини жорий этиш, кадрлар таъминотини яхшилаш, йод танқислиги бўйича илмий ўрганишлар ўтказиш, тизимда рақамлаштириш даражасини ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, тадбирда Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Жамшид Васиев томонидан соғлиқни сақлаш тизимида қонунбузилиш ҳолатлари ва уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома ўқиб эшиттирилди.
Кун тартибидаги учинчи масала санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш йўналишидаги ишлар самарадорлигига бағишланди. Бу бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Баҳодир Юсупалиев маъруза қилди.
Йиғилиш якунида қайд этилган муаммо ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш ва амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини ошириш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА