Тергов фаолиятида сунъий интеллект: замонавий ёндашувлар ва амалий ечимлар
Суд-ҳуқуқ тизимини изчил янгилаш ва унинг технологик асосларини мустаҳкамлаш шароитида ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятининг устувор йўналишларига замонавий рақамли ечимларни жорий этиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Тергов сифатини ошириш, унинг шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш бевосита интеллектуал технологиялардан самарали фойдаланиш билан боғлиқ бўлиб, мазкур ёндашувлар тергов фаолиятини мазмунан янги босқичга олиб чиқмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида “Тергов ҳаракатларини ўтказишда сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари” мавзусида ўтказилган республика илмий-амалий конференциясида шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, олий таълим ва илмий муассасалар вакиллари, мустақил изланувчилар ва докторантлар онлайн ва офлайн шаклда иштирок этди.

Конференция доирасида сунъий интеллект технологияларини тергов жараёнига жорий этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатлари, илғор хорижий тажриба, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, сунъий интеллектдан фойдаланиш тергов версияларини шакллантириш, айрим процессуал ҳужжатларни тайёрлаш, катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларини қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса, ўз навбатида, терговнинг тезкорлиги ва асосланганлигини ошириш, инсон омилининг салбий таъсирини камайтириш ҳамда умумий самарадорликни юксалтиришга хизмат қилади.

Сунъий интеллект технологияларини қўллашда ахборот хавфсизлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек технологиялардан масъулиятли ва оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференция якунлари бўйича тергов фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича аниқ илмий ёндашувлар ва амалий таклифлар шакллантирилди. Ушбу таклифлар соҳада замонавий рақамли ечимларни тизимли равишда жорий этиш, тергов сифатини ошириш ва унинг самарадорлигини таъминлашга қаратилган.
Конференция материаллари асосида илмий мақолалар тўпламини нашр этиш режалаштирилган бўлиб, бу мазкур йўналишдаги илмий изланишларни янада чуқурлаштириш ва илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА