Ўзбекистонда HRD сертификатлаш тизими жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг салоҳиятини ошириш дастури” доирасида семинар ташкил этилди.
Инсон ресурсларини ривожлантириш, ходимлар салоҳиятини баҳолаш, HRD сертификатлаш тизимининг халқаро стандартлари ва амалиёти, баҳолаш мезонлари, ҳисобот тайёрлаш жараёнлари ва амалиётда қўллаш механизмларининг аҳамиятига эътибор қаратилди.

Лойиҳа доирасида давлат ташкилотлари ва корхоналарида ишлаш учун профессионал малакаларни аниқлаш ва тан олиш мақсадида инсон ресурсларини сертификатлаштириш тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Маълумот учун, HRD (HumanResourceDevelopment) – Инсон ресурсларини ривожлантириш тизими. Бу ходимларнинг малакасини ошириш, билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни ўқитиш ва мансаб поғоналарида ўсишини таъминлашга қаратилган тизимли жараёндир.
Н.Абдураимова,
ЎзА