Теннисчиларимиз Уимблдон турнирида ўйнайди
Ўзбекистоннинг энг кучли уч нафар теннисчиси асосий тўрда иштирок этади
Лондон шаҳрида теннис бўйича ўтказиладиган йилнинг учинчи «Катта дубулға» турнири — Уимблдон мусобақасининг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида Ўзбекистон шарафини уч нафар теннисчи ҳимоя қилади.
Мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова WTA рейтинги орқали тўғридан-тўғри асосий тўрдан жой олди. Шунингдек, Полина Кудерметова ҳамда Мария Тимофеева саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этиб, кетма-кет учтадан ғалабага эришган ҳолда асосий тўр йўлланмасини қўлга киритди.
Шу тариқа, дунёнинг энг нуфузли теннис мусобақаларидан бири ҳисобланган Уимблдон турнирининг аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида бир вақтнинг ўзида уч нафар ўзбекистонлик теннисчи иштирок этади.
Маълумот учун, Уимблдон-2026 мусобақасининг асосий баҳслари 29 июнь куни старт олади. Турнир ғолиб ва совриндорлари 12 июль куни аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА