Ўзбекистонлик самбочилар Осиё-Океания чемпионатида муваффақиятга эришмоқда
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида самбо бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилаётган Осиё-Океания чемпионатининг илк кунида мамлакатимиз спортчилари 11 та медаллар шодасини қўлга киритди.
Чемпионатнинг илк кунида ўсмирлар ўртасида кечган муросасиз беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалларига сазовор бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан Давлатжон Козимов, Абдуллоҳ Раҳмонов, Саддам Қурбонов, Ҳидоят Дўсбекова ўсмирлар ўртасида қитъа чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлган вазиятда Муҳаммаджон Юсупов, Рухшона Азимова кумуш, Дилмурод Дўстмуродов, Владислав Тё, Беҳрузбек Раҳимов, Маржона Ҳазратқулова, Наргиза Ҳалимова бронза медалларига эга чиқди.

Манилада ўтказилаётган самбо бўйича Осиё-Океания чемпионатида қитъа самбо иттифоқи ҳакамлар ҳайъати раиси Ислом Одилов етакчилигидаги 5 нафар ўзбекистонлик ҳакамлар мусобақаларни бошқариб боришда иштирок этмоқда.
Осиё-Океания чемпионати 28 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА