Таълимга сармоя ортиб бормоқда: соҳа хизматлари ҳажми 14,5 триллион сўмдан ошди
Ўзбекистонда таълим соҳаси иқтисодиётнинг энг жадал ривожланаётган йўналишларидан бирига айланмоқда. Янги таълим муассасаларининг ташкил этилиши, хусусий сектор иштирокининг кенгайиши ҳамда аҳолининг сифатли таълимга бўлган талаби ортиши натижасида соҳада хизматлар кўрсатиш ҳажми сезиларли ўсмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатда таълим хизматлари ҳажми 14,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 22,6 фоизга кўп.
Таълим хизматлари таркибида олий таълим муассасалари етакчилик қилиб, умумий ҳажмнинг 43,3 фоизини таъминлаган. Бу эса мамлакатда олий таълимга бўлган қизиқиш ва талаб юқори эканини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, таълим хизматлари ҳажми 7,5 триллион сўмга етган. Кейинги ўринларда Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари қайд этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, таълим соҳасидаги бундай ўсиш инсон капиталига йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ортиб бораётганидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида мамлакатнинг рақобатбардош кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА