Таълимдаги долзарб вазифалар белгиланди
Чирчиқ шаҳрида Тошкент вилояти таълим кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, мактаб ва мактабгача таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, секторлар раҳбарлари ва таълим муассасалари масъуллари қатнашди.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, педагогларимизнинг ойлик маошлари бир неча баробарга оширилди. Таълим муассасаларини таъмирлаш, жиҳозлаш ишларига давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдори ва салмоғи сезиларли даражада кўпайди.
– Масалан, ўтган йил вилоятдаги 22 та умумтаълим мактабида умумий қиймати 256 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди, – дейди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. – Бундан ташқари, 16 миллиард сўм маҳаллий бюджетдан 280 та таълим муассасасининг моддий техник аҳволи яхшиланди. Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” доирасида жойлардаги 138 та умумтаълим мактабини турли даражада таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Ўтган даврда таълим сифати паст мактаблар 121 тадан 33 тага камайди. Бу йил 84 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилади ва бу йўналишдаги мактаблар сони 112 тага етказилади. Бироқ вилоят бўйича олий тоифали педагоглар 8,2 фоизни ташкил этмоқда. Бунда энг салбий кўрсаткич Бўка, Бекобод ва Оҳангарон туманларига тўғри келади.

Йиғилишда битирувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари таҳлил қилинди. Ҳудудлар бўйича Оҳангарон, Нурафшон ва Ангрен шаҳарларидаги мактаблар бу борада энг яхши натижага эришган. Аммо Бекобод шаҳридаги 14-мактаб, Бўка туманидаги 19-, 43-сонли мактабларнинг битирувчиси давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган.
Тадбирда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қилинган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди. Афсуски, содир этилган жиноятлар асосан 9-,10- ва 11-синф ўқувчиларига тўғри келмоқда. Миллий гвардия ходимлари томонидан охирги уч кунда мактаблардаги давомат ўрганилганида кўрсаткич 95.8 фоизни ташкил этиши аниқланган. Бу борадаги натижаларни яхшилаш ва ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилишида жорий йилнинг мактаб таълимидаги устувор вазифалари белгилаб олинди. Жумладан, ҳар бир мактабда – ҳафта кунлари аниқ ном билан белгиланиб, мавзулар асосида тадбирлар ташкил этилади. Вилоятдаги 33 та “қизил” тоифадаги мактабларда ҳар ҳафтанинг шанба куни секторлар раҳбарлари томонидан шахсий ривожланиш мавзусида мотивацион дарслар ташкил этилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири