Тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларга асбоб-ускуналар топширилди
Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги «Қўрғонтепа» маҳалласида 31 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўзини ўзи банд қилишлари учун тўрт хил турдаги асбоб-ускуналар топширилди. Мазкур амалий кўмак аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий даромадларни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган грант лойиҳаси доирасида амалга оширилди.
— Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан ажратилган давлат гранти асосида амалга оширилди. Энг асосийси, ташаббус аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, фуқароларнинг даромад топиш имкониятларини кенгайтириш ва иқтисодий фаоллигини оширишга хизмат қилади, — дейди Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Шавкат Абдураҳмонов.

Асбоб-ускуналарни топшириш тадбирида Сирдарё вилояти «Тадбиркор аёл» халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Барчиной Усмонова, Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Шавкат Абдураҳмонов, Сардоба тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ботиров ҳамда Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Марварид Кенжаевалар иштирок этишди.

Тадбир давомида аҳоли бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва фуқароларнинг мустақил даромад манбаига эга бўлишида бундай ташаббусларнинг аҳамияти таъкидланди. Топширилган асбоб-ускуналар фуқароларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаши, ўзини ўзи банд қилиши ва оилавий даромадларини ошириши учун муҳим имконият яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири