Табиий монополиялар соҳасида қандай ўзгаришлар юз бермоқда?
Рақобат қўмитаси томонидан жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида табиий монополияларни тартибга солиш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан брифинг ўтказилди.
Брифингда соҳада рақобат муҳитини ривожлантириш, монополиялар сонини қисқартириш, тартибга солинадиган нарх ва тарифларнинг асосли қўлланилишини таъминлаш, тадбиркорлар ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида маълумот берилди.
Сўнгги уч йилда табиий монополия субъектлари ҳисобланган корхоналар, иш ва хизматлар сони 140 тадан 78 тагача, яъни 44 фоизга қисқарди. Айни пайтда 78 та корхона 10 турдаги товарлар, ишлар ва хизматлар бўйича табиий монополия субъекти сифатида эътироф этилган.
Брифинг давомида тадбиркорлар ҳуқуқларини тиклаш бўйича амалий натижаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, «Universal Mobile Systems» МЧЖ (Mobiuz) фойдасига 1,1 миллиард сўмни қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари амалга оширилди. «Vodiy Sof Qog‘ozi» МЧЖга асоссиз ҳисобланган 340,8 миллион сўм қарздорлик ҳисобдан чиқарилди.
Шунингдек, электр тармоғига қайта улаш билан боғлиқ 965 та ҳолатда жами 5,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз тўловлар ундирилган бўлиши мумкинлиги аниқланиб, мазкур ҳолатлар Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини такомиллаштириш, рақобат муҳитини яхшилаш ва табиий монополиялар соҳасига хусусий секторни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Брифинг якунида соҳада шаффофликни таъминлаш, эркин бозор тамойилларини кенгайтириш ва тадбиркорлар ҳамда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА