Адвокатлар малакаси оширилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти адвокатлар гуруҳи тингловчилари учун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида амалий машғулот ташкил этилди.
Бугунги кун адвокатидан нафақат юксак назарий билим, балки тезкор ўзгараётган қонунчилик ва замонавий рақамли технологиялар билан ҳамқадам собитқадамлик талаб этилади. Шу боис, адвокатлик фаолиятига қадам қўяётган ва малака ошираётган тингловчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш масаласи алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида ташкил этилган амалий машғулот айнан шу мақсадга — тингловчиларни соҳа ривожининг янги босқичи, хусусан, “E-Advokat” тизимининг амалий имкониятлари билан таништиришга бағишланди.
Машғулот доирасида тингловчиларнинг Адвокатлар палатаси раиси Ш.Содиқов билан учрашуви бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот давомида адвокатлик фаолиятида учраётган муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан савол-жавоб ўтказилди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, касбий фаолиятга оид масалалар бўйича фикр алмашди.
Мутахассисларнинг қайд тишича, бу каби амалий машғулотлар назарий билимларни амалиёт билан боғлаш, адвокатларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда соҳадаги долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА