“Табиат учун бирлашамиз” — экология ва соғлом турмуш тарғиб этилган форум
Қўқон давлат университети ҳамда Экологик партия ташаббуси билан “Табиат учун бирлашамиз” шиори остида оммавий велосайил ва спорт форуми юқори савияда, кўтаринки руҳда ташкил этилди.
Тадбир университет ҳаётидаги энг йирик оммавий спорт-ижтимоий лойиҳалардан бирига айланди. Унда барча факультетлардан фаол, ташаббускор талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, табиатни асраш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Тадбирнинг энг ёрқин қисмларидан бири оммавий велосайил бўлиб, унда ҳар бир факультетдан саралаб олинган велосипедчи талабалар ягона сафда ҳаракатланиб, экологик тоза транспорт воситаларини оммалаштиришга ҳисса қўшди. Иштирокчилар спорт кийимларида, факультет номлари акс этган накидкаларда майдонга чиқиб, жамоавийлик ва бирдамлик тимсолини намоён этди.
Эътиборлиси, ногиронлиги бўлган талабалар ҳам ўз аравачаларида фаол қатнашиб, тадбирнинг инклюзив ва ижтимоий аҳамиятини янада оширди. Бу эса университетда ҳар бир талаба учун тенг имкониятлар яратилаётганининг амалий ифодаси бўлди.

Форум доирасида ўтказилган “5000 қадам юриш” акцияси талаба-ёшлар орасида катта қизиқиш уйғотди. Мазкур акция орқали иштирокчилар нафақат жисмоний фаолликни оширди, балки табиат билан уйғун яшаш, соғлом ҳаёт тарзини танлаш ғояларини амалда намоён этди. Шунингдек, барча факультетлар томонидан тайёрланган оммавий бадантарбия машқлари бир вақтнинг ўзида бажарилиб, майдонда ҳақиқий спорт байрами муҳитини юзага келтирди.
Тадбирнинг маданий қисми ҳам алоҳида эътиборга молик бўлди. Санъат ва спорт факультети томонидан ташкил этилган миллий оркестр ва доирачилар чиқишлари, миллий чолғу асбобларининг жаранги барча иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади. Ранг-баранг байроқлар билан безатилган ҳудудда ўтказилган “Кўнгил экологияси” номли расмлар танловида эса иқтидорли рассом талабалар ўз ижодий ишларини намойиш этиб, табиатни асраш ғоясини ижодий ишлари орқали ифодалади.

Мазкур форум талаба-ёшларда экологик маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга хизмат қилувчи муҳим ташаббус сифатида эътироф этилди.
Энг муҳими, бу каби тадбирлар ёшларни нафақат жисмонан чиниқтириш, балки уларни табиатга меҳр, атроф-муҳитга масъулият билан қараш руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳамроз Баёнов, ЎзА