Самарқандда «CAVA Men’s and Women’s Universiade Games – 2026” мусобақасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё волейбол ассоциацияси ташаббуси остида ташкил этилган «CAVA Men’s and Women’s Universiade Games – 2026” халқаро мусобақасининг тантанали очилиш маросими юқори савияда бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли мусобақада минтақанинг бир қатор давлатларидан ташриф буюрган талаба-ёшлар жамоалари иштирок этди. Мусобақа давомида эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида қизғин баҳслар бўлиб ўтади.
Тантанали очилиш маросимида Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Арипов Тохир Тулкинович, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Тўхтаев Хусен Мирзаевич, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шакҳрилло Шарипович Маҳмудов, Ўзбекистон волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Шукруллоевич Файзиев ҳамда бошқа мартабали меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда волейбол спорт тури йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, ёшлар ўртасида ушбу спорт турига қизиқиш ортиб бораётгани ҳамда спорт инфратузилмасини ривожлантириш борасида давлатимиз томонидан кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, волейбол спорт турини халқаро майдонда янада ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва мусобақа иштирокчиларига муносиб шароит яратиш масалалари ҳақида ҳам фикр билдирилди.
Сўз якунида барча жамоаларга мусобақаларда омад, юқори натижалар ва ҳалол кураш тиланди.
Тантанали очилиш маросими миллий ва замонавий мусиқий чиқишлар, бадиий дастурлар билан давом этди ҳамда иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.

Беллашувларга келадиган бўлсак, Самарқанд давлат университетининг волейболчи қизлари барча рақибларини ортда қолдириб, ғолибликни (1-ўрин) қўлга киритди. Бухоролик волейболчи талаба қизлар иккинчи, туркманистонликлар эса учинчи ўринни эгаллашди.
Аёллар ўртасида:
1. СамДУ (УЗБ)
2. БухДУ (УЗБ)
3. Туркманистон (ТКМ)
Эркаклар ўртасида:
1. Туркманистон (ТКМ)
2. СамДПИ (УЗБ)
3. ХИУ (УЗБ)
Мусобақа давомида шаклланган соғлом рақобат муҳити, дўстона алоқалар ва профессионал ўйин даражаси ушбу турнирнинг нуфузини янада оширди. Самарқанд эса яна бир бор йирик спорт тадбирларини юксак савияда ўтказа олишини намойиш этди.
ЎзА