“Сув париси – 2026” турнирининг энг маҳоратлилари аниқланди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”даги Сув спорти турлари саройида ўтказилган “Сув париси – 2026” очиқ халқаро турнири юқори савияда ташкил этилди.
Икки кунлик мусобақаларда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Беларусь давлатларининг 180 нафарга яқин спортчилари техник ва эркин дастурлар, дуэт ва гуруҳ чиқишларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, "Uzbekistan aquatics" федерацияси ва Спорт вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган турнирнинг илк кунги баҳсларида Сабина Маҳмудова (Ўзбекистон-1), Мария Липинская (Россия), Милана Римша (Россия) яккалик йўналишларда ғолибликка эришди.
Мусобақанинг ёшлар ўртасидаги техник дастурида Сабина Маҳмудова ва Хадича Агзамовадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси 259,4475 балл тўплаган ҳолда 1-ўринни эгаллади.

Халқаро турнирнинг 12 ёшли спортчилар иштирокидаги дуэт чиқишларида 306,8234 балл жамғарган Россия жамоаси шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олган бўлса, ҳамюртларимиз 2-ўринни, қозоғистонликлар 3-ўринни банд этишди.
Икки кунлик шиддатли баҳсларда 21 та йўналишда ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Медаллар жамғаришда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон жамоалари етакчиликка эришди.
Т.Рўзиев,
ЎзА