Суперлигада “Нефтчи” ҳамон пешқадам
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз якунига етди ва мусобақада июль ойининг ўрталарига қадар танаффус эълон қилинди.
Мазкур турнинг сўнгги кунида "Андижон" клуби сафарда "Хоразм" билан баҳс олиб бориб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. "Локомотив" ўз майдонида "Қизилқум"ни 1:0 ҳисобида таслим қилган бўлса, “Насаф” ва “Навбаҳор” беллашувида ҳисоб очилмади.

Қайд этилган натижаларга кўра, “Нефтчи” 28 очко билан яққол пешқадамлигини сақлаб қолган бўлса, “Пахтакор” 26 очко тўплаб, иккинчи ўринни банд этди. “Бухоро” ва “Навбаҳор” бир хил 20 очкодан жамғариб, голлар нисбатига кўра 3-4 ўриндан жой олди. Кучли бешликни “Бунёдкор” 19 очко билан якунлади.

“Локомотив” эса 17 очко тўплаган ҳолда 6-поғонада қолди. ОКМК ва “Андижон” 16, “Насаф” эса 14 очко билан 7-9 ўринларга тақсимланди. Шунингдек, 10-11 ўринларда бораётган “Қизилқум” ва “Хоразм” ҳисобидаги очколарини 13 тага етказди. “Сурхон” 12, “Динамо” ва “Қўқон-1912” 11 очко билан кейинги ўринлардан жой олди. “Сўғдиёна” 9 ва “Машъал” эса очкочиз жадвалнинг қуйи қисмида қолмоқда.

Ўзбекистон Суперлигасининг 11-туридан сўнг тўпурарлар рўйхатида ҳозирча "Сўғдиёна" ҳужумчиси Льюпчо Дориев 7 та гол билан пешқадам бўлиб турибди.
Уни Достонбек Ҳамдамов, Стефен Чинеду ва Темурхўжа Абдухолиқов 6 тадан гол билан таъқиб этмоқда.
Суперлиганинг 12-тур ўйинлари 16-18 июль кунлари ўтказилиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА