Суперлига: Бугун 17-тур баҳслари старт олади
Турнинг илк кунида «Андижон» ва «Нефтчи» рақобатлашади. «Бобур Арена»даги водий дербиси соат 19:00 да бошланади.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси 17-тур учрашувлари 13–16 август кунлари бўлиб ўтади. Навбатдаги тур доирасида чемпионлик ва турнир жадвалидаги юқори ўринлар учун курашаётган жамоалар муҳим очколар учун майдонга чиқади.
17-турнинг дастлабки учрашувлари 13 август куни ўтказилади. Куннинг эътиборли баҳсларидан бири Андижон шаҳрида бўлиб, унда «Андижон» ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилади. «Бобур Арена»даги водий дербиси соат 19:00 да бошланади.
Мазкур жамоалар Суперлига доирасида шу кунга қадар 54 марта майдонга тушган. Ўзаро учрашувларда «Андижон» 10 марта ғалаба қозонган, «Нефтчи» эса 36 бор рақибидан устун келган. Яна 8 та баҳсда ғолиб аниқланмаган. Киритилган голлар нисбати ҳам фарғоналиклар устунлигини кўрсатади — 104:45.

«Андижон» ўз майдонида «Нефтчи» устидан сўнгги ғалабасини 2016 йилда қайд этган. Ўшанда андижонликлар 2:1 ҳисобида зафар қучган.
Водий дербиси билан бир вақтда «Сурхон» — «Сўғдиёна» учрашуви ҳам ўтказилади. Мазкур баҳс соат 19:00 да бошланади. Куннинг сўнгги учрашувида эса «Бухоро» ўз майдонида ОКМК ни қабул қилади. Баҳс соат 20:30 да старт олади.
14 август куни «Навбаҳор» — «Бунёдкор» баҳси соат 19:00 да бошланади. Шу куни «Динамо» — «Хоразм» учрашуви 20:00 да, «Қизилқум» — «Машъал» баҳси эса 20:30 да ўтказилади.

15 август куни «Қўқон-1912» ва «Локомотив» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Учрашув соат 19:00 да бошланиши белгиланган.
17-турнинг яна бир марказий учрашуви 16 август куни бўлиб ўтади. Унда «Насаф» ўз майдонида «Пахтакор»ни қабул қилади. Қаршидаги баҳс соат 19:00 да бошланади.
Суперлиганинг 17-тури бир қатор принципиал ва муҳим учрашувларни ўз ичига олган. Айниқса, Андижондаги водий дербиси ҳамда «Насаф» — «Пахтакор» баҳси мухлислар эътиборида бўлиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА