Суд бошқарувчилари фаолияти самарадорлиги оширилади
Давлатимиз раҳбарининг “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2026 йил 1 июлдан Суд бошқарувчилари палатаси, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа таълим муассасаларига суд бошқарувчиларини тайёрлаш ҳуқуқи берилади.
Суд бошқарувчилари палатасига суд бошқарувчисининг палатага аъзолигини тўхтатиш ёки аъзоликдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва шу муносабат билан уни ўз вазифасини бажаришдан озод қилиш ҳақида судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилади.
Суд бошқарувчиси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, суд кредиторлар йиғилишининг қарорига асосан суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ҳақли.
Суд бошқарувчиларига тўланадиган ҳақ миқдори базавий ва натижага (KPI) боғлиқ қисмларга ажратилади. Бунда, натижага боғлиқ ҳақ, шу жумладан, санация режасида белгиланган кўрсаткичларга эришиш даражасидан келиб чиқиб тўланади.
2026 йил 1 сентябрдан судгача санация даврида банклар (кредиторлар) қарздор билан тузилган келишувга асосан келишувда белгиланган муддатга ва фаолиятини тиклашга қаратилган санация режасини бажариш шарти билан кредитлар бўйича фоизларни ҳисоблаш ва (ёки) тўлашни тўхтатиб туриши, кейинчалик санация режасига мувофиқ реструктуризация қилиши ёхуд кредитни реструктуризация қилишнинг бошқа чораларини кўриши мумкин.
Суд санацияси даврида санация режасига мувофиқ ва кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) розилиги билан суд ажрими асосида қарздорнинг кредитлар бўйича фоизларини ҳисоблаш ва (ёки) тўлаш тўхтатиб турилиши, кейинчалик эса санация режасида белгиланган тартибда реструктуризация қилиниши ёхуд кредитни реструктуризация қилишнинг бошқа чоралари кўрилиши мумкин.
Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашда гаров мулки, банк кафолати ёхуд суғурта полиси тақдим этилганда, молиявий ҳолати ва истисно этувчи ҳолатлар мавжудлигидан қатъи назар, солиқ органлари томонидан солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Солиқ органларига солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги аризалар Солиқ органларининг электрон давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ҳамда уларни кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқартирилади.
2026 йил 1 декабрдан тўловга қобилиятсизлик жараёнларини онлайн мониторинг қилиш имконини берадиган Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА