Сунъий интеллект ҳар куни 6-7 мингта эълонни таҳлил қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг xarid.uzex.uz давлат харидлари тизимида сунъий интеллект сервисларининг фаол қўлланилиши натижасида инсон омили кескин қисқартирилди.
“ЎзРТХБ” АЖ матбуот котиби Ҳикматулло Тиллабоевнинг маълум қилишича, тадбиркорлар томонидан электрон ва миллий дўкон тизимларига жойлаштирилаётган эълонларни модерация қилиш ва баҳолаш жараёнлари тўлиқ сунъий интеллектга ўтказилди.
–Ҳозирги кунда тизимда бир кунда ўртача 6-7 мингта эълон сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиниб, автоматик тарзда модерациядан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ мебель тури учун умумий ва уникал техник тавсифларнинг ишлаб чиқилиши натижасида эълонларни модерация жараёнисиз тўғридан-тўғри савдога чиқариш амалиёти ҳам йўлга қўйилди. Ушбу самарали ёндашув босқичма-босқич бошқа товар тоифаларига ҳам жорий этилиши режалаштирилган, – дея таъкидлади у.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА