Соғлиқни сақлаш: ислоҳотларнинг ижобий самараси
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги С.Султонов номидаги Республика фтизиатрия ва пульмонология марказида Бутунжаҳон силга қарши кураш куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, марказда замонавий диагностика, даволаш ва жарроҳлик хизматлари йўлга қўйилиб, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Муассасанинг тажрибали мутахассислари ҳар ойда туманларнинг энг олис ҳудудларига чиқиб, аҳоли ўртасида скрининг тадбирларини ўтказмоқда.
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар фтизиатрия соҳасига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Хусусан, 2023-2026 йилларга мўлжалланган давлат дастурлари соҳани ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий ва ташкилий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ушбу қарорлар доирасида тиббиёт муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва хизмат сифатини яхшилаш каби вазифалар белгилаб берилди. Ислоҳотлар натижасида марказий ва ҳудудий шифохоналарнинг моддий-техник базаси сезиларли даражада мустаҳкамланди.
Замонавий тиббий жиҳозлар, жарроҳлик ускуналари, диагностика воситалари билан таъминланган муассасаларда беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Уларни бепул дори-дармонлар билан таъминлаш тизими ҳам йўлга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик бўлмоқда.

Шифокорлар хорижий давлатларда малака ошириб, илғор тажрибаларни ўрганмоқда. Олинган билим ва кўникмалар эса амалиётда самарали қўлланилиб, беморларни даволаш сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Марказда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам кенг йўлга қўйилган. Илгари бундай жарроҳлик амалиётлари фақат Тошкент шаҳрида амалга оширилар эди. Бугунги кунда марказда юқори малакали фтизиохирурглар, фтизиоурологлар ва бошқа мутахассислар томонидан ҳар йили 300 дан ортиқ мураккаб жарроҳлик амалиёти амалга оширилмоқда.
Замонавий диагностика технологияларининг жорий этилиши эса касалликни аниқлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқди. Хусусан, Genexpert орқали касалликни тезкор аниқлаш ва унинг дори воситаларига чидамли турларини белгилаш имконияти яратилди. Шунингдек, Illumina секвенатори ёрдамида бемор таҳлиллари қисқа муддат - 7-10 кун ичида аниқ натижа бермоқда.

– Даволаш жараёнида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди, – дейди С.Султонов номидаги Республика фтизиатрия ва пульмонология маркази директори Қаллибек Қудайбергенов. – Илгари 24 ойгача давом этган даволаш курслари ҳозир 6-9 ойгача қисқартирилди. Инъекциясиз даволаш усулларининг жорий этилиши беморлар учун катта енгиллик яратди.
Дарҳақиқат, амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар натижасида, сўнгги йилларда Оролбўйида сил билан касалланиш кўрсаткичи камайиб, ўлим ҳолати бир неча баробарга қисқарди. Бу эса соҳадаги ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Тадбир давомида марказда самарали меҳнат қилаётган бир қатор ходимлар Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг қўшма Фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.