Самарали ҳуқуқий тизим жамиятда қонун устуворлигини таъминлайди (+видео)
Аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш орқали бартараф этиш йўлларини топиш мақсадида 2024 йил 24 май куни давлатимиз раҳбарининг “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унда давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда уларга методик ёрдам кўрсатиб бориш ҳам кўзда тутилган.
Ҳужжатда адлия органлари ва муассасалари фаолияти, ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш, суд экспертиза, архив иши ва иш юритиш соҳаларини илмий-методик ва консультатив жиҳатдан таъминлаш вазифаси ҳам қўйилди.
Шу каби вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида адлия тизимидаги тўртта малака ошириш маркази негизида ягона институт ташкил этилди. Бу – Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти.
Мазкур институт фаолиятининг бир йиллиги муносабати билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти директорининг биринчи ўринбосари Рустам Хурсанов 2025 йил давомида институт томонидан 423 малака ошириш гуруҳи ташкил этилиб, 37 минг 672 нафар тингловчи ўқитилганини қайд этди. Шундан 17 минг 638 нафари адлия тизими ходимларидан иборат бўлди. Масофавий таълим орқали 31 минг 527 нафар тингловчи қамраб олинди.
Узлуксиз касбий ривожланиш платформалари орқали 15,9 минг нафардан ортиқ тингловчи жалб этилди. 2025 йил якунига қадар 443 ўқув модули ишлаб чиқилди.
[gallery-28372]
Маҳалла тизими билан ҳамкорлик доирасида 3 минг 893 нафар маҳалла раиси ўқитилди. Минг нафардан зиёди медиаторликка тайёрланди ва 2 минг 839 нафари ҳуқуқий билимини оширди. 793 нафар педагог қайта тайёрланди, 220 нафарга яқин мутахассис юридик мутахассисликка қайта тайёрланди. 20 нафарга яқин хорижий эксперт иштирокида миллий юридик кадрлар учун халқаро стандартлар бўйича курслар ташкил этилди.
Халқаро ҳамкорлик йўналишида қатор хорижий таълим муассасалари, юридик фирма ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 15 меморандум имзоланди.
Бугунги кунда 30 га яқин хорижий ташкилот билан ҳамкорлик алоқалари амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда 17 учрашув ва 12 халқаро тадбир ташкил этилди. 20 нафар хорижий эксперт таълим жараёнига жалб қилинди. 30 нафарга яқин институт тингловчилари хорижда малака оширишга юборилди.
Илмий фаолият доирасида 25 ўқув-услубий адабиёт ва 74 илмий мақола тайёрланди. Қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган 20 дан зиёд лойиҳа ва таклифлар ишлаб чиқилди. Учта ихтисослик бўйича докторантура фаолияти йўлга қўйилиб, 30 нафар тадқиқотчи олий таълимдан кейинги таълим институтига қабул қилинди.
Келгусида натижага йўналтирилган баҳолаш тизимини жорий этиш, ўқув модулларини янгилаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий-тадқиқот фаолиятини кучайтириш ва очиқликни таъминлаш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Очиқ мулоқот давомида малака ошириш сифати билан боғлиқ саволимизга жавобан мутасаддилар бу ушбу соҳадаги муҳим кўрсаткич эканини алоҳида таъкидлади. Халқаро стандартлар даражасидаги талаблар асосида малака ошириш якунида ҳар бир тингловчининг билим даражаси аниқланади. Талабга жавоб бера олмаган тингловчи эса қайта малака оширади. Бу, табиийки, унинг иш фаолияти самарадорлиги (KPI) кўрсаткичига таъсир қилади. Шу боис, ҳар бир тингловчи зиммасидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда малака курсини тўлақонли ўзлаштиришга ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишга интилмоқда. Малака оширган ходимларнинг келгусидаги фаолияти натижалари ҳам мониторинг қилиб борилади.
Бу эса адлия ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ходимларининг малакаси ошиши, пировардида самарали ҳуқуқий тизим шаклланиши, жамиятда қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/M9FeFjz14M0" title="Samarali huquqiy tizim jamiyatda qonun ustuvorligini ta’minlaydi(+video)" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Абдураимова,
А.Алижонов (сурат),
О.Давронов (видео),
С.Обиджонов (монтаж),
ЎзА