Сирдарёда педагогик инновациялар фестивали ўтказилди
Сирдарё вилоятида мактабгача таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, таълим жараёнида замонавий педагогик ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда тарбиячи-педагогларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш мақсадида илк бор педагогик инновациялар фестивали ташкил этилди.
Мирзаобод тумани 2-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган ушбу фестиваль ҳақиқий ижод ва тажриба майдонига айланди. Тадбир доирасида педагоглар “Ижодий марафон” шаклида иштирок этиб, атиги 90 дақиқа ичида янги дидактик ўйинларни ишлаб чиқдилар ва уларни амалиётда намойиш этдилар. Қисқа вақт ичида яратилган ҳар бир ишланмада педагогларнинг изланиши, тажрибаси ҳамда болалар таълимига бўлган масъулиятли ёндашуви яққол намоён бўлди.
Тақдим этилган ишланмалар инновационлик даражаси, методик асосланганлиги, болалар ёшига мослиги ҳамда хавфсизлик талабларига жавоб бериши каби мезонлар асосида баҳоланди. Фестиваль давомида педагоглар нафақат янги ғояларини тақдим этдилар, балки ўзаро тажриба алмашиш ва замонавий таълим усулларини муҳокама қилиш имкониятига ҳам эга бўлдилар.
[gallery-29046]
1-ўринни Мирзаобод тумани 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси, 2-ўринни Мирзаобод тумани 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси, 3-ўринни эса Мирзаобод тумани 9-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти жамоаси қўлга киритди.
Ғолиб жамоалар Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА