Сифатсиз дори воситалари сақланаётган яширин омбор аниқланди
Наманган шаҳрида яшаш хонадонлардан бирида ноқонуний дори воситалари сақланаётгани аниқланди.
Маълум бўлишича, 1996 йилда туғилган шахс ўзига тегишли хонадонда яширин омбор ташкил этиб, у ерда сифати кафолатланмаган, дастлабки қиймати 3,3 миллиард сўмдан ортиқ бўлган дори воситаларини сақлаб келгани аниқланди.
Яна бир ҳолатда Янги Наманган тумани Мингтерак маҳалласидаги хонадонлардан бири Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, Божхона, Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда кўздан кечирилганда у ердан хорижда ишлаб чиқарилган 156 турдаги 23 минг 432 дона камёб дорилар топилиб, процессуал тартибда олиб қўйилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизга ноқонуний олиб кирилган мазкур дориларнинг қиймати 3,3 миллиард сўмдан ошади.
Ҳозирда дориларга нисбатан экспертиза тайинланиб, ҳолат юзасидан тегишли тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА