Қуёш панеллари мониторинги: тизимдаги камчиликлар ва ечимлар кўриб чиқилди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда «Юксалиш» ҳаракати ҳамкорлигида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган қуёш панелларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш масалаларига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг 13 та ҳудудидаги 26 та туман ва шаҳарларда аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижалари атрофлича муҳокама қилинди.
Сенаторлар қуёш энергетикасини ривожлантириш энергетика хавфсизлигини таъминлаш, электр энергиясига бўлган талабни қондириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ва хусусий инвестицияларни жалб этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Мониторинг натижалари қуёш панелларининг аксарияти ишлаётганини кўрсатгани билан бирга, тармоққа уланиш ва реверсив ҳисоблагичлар ўрнатишдаги кечикишлар, тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги, техник хизмат кўрсатишдаги камчиликлар каби муаммолар борлигини кўрсатди.
Бундан ташқари, айрим объектларда қурилмалар ҳақиқий эҳтиёж ва энергия истеъмоли, шунингдек, молиявий рағбат етарли даражада эмаслиги ҳисобга олинмасдан ўрнатилган.
Муҳокамада сенаторлар аниқланган муаммоларни бартараф этиш, электр тармоқлари инфратузилмасини яхшилаш, тўлов интизомини таъминлаш, қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, имтиёзли кредит ва солиқ рағбатларини кенгайтириш бўйича тавсиялар берди.
Тадбиркорларнинг қуёш панелларини тўғри танлаш, ўрнатиш ва улардан самарали фойдаланиш борасидаги масъулиятини ошириш зарурлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Жамоатчилик эшитуви якунида масъул вазирлик ва идораларга аниқланган муаммоларни бартараф этиш, тармоққа уланиш ва тўловлар жараёнини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Н.Абдураимова,
ЎзА