Шахмат олимпиадаси: Эртанги асосий рақибларимиз Хитой, Франция ва Словения жамоалари
Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси ўтказилган 6 та турда юз фоизлик натижа қайд этган ҳолда ғолибликка асосий даъвогар жамоа эканлигини амалда исботлади.
Кеча шахмат олимпиадасининг 6-турида ҳамюртларимиз Ҳиндистон жамоасини 2,5: 1,5 ҳисобида мағлуб этиши, бунда Нодирбек Ёқуббоев Ниҳал Саринни таслим этиши ўйин тақдирини ҳал этди.
Ўтган 6 та тур ўйинларини таҳлил этадиган бўлсак, Ўзбекистон-1 жамоасининг бирон аъзоси учрашувларда мағлубиятга учрамади.
Нодирбек Абдусатторов 6 та турнинг барчасида қатнашган ягона шахматчи бўлиб, у 3 та ғалаба, 3 та дуранг, Жавоҳир Синдоров 5 та ўйинда дона суриб, 2 та ғалаба, 3 та дуранг, Нодирбек Ёқуббоев 5 та учрашувда 2 та дуранг, 3 та ғалаба, Шамсиддин Воҳидов 2 та ғалаба, 3 та дуранг, Муҳиддин Мадаминов 3 та ўйинда 2 та ғалаба, 1 та дуранг қайд этган.

Натижадорлик борасида айтиш керакки, Нодирбек Ёқуббоев жамоанинг энг сермаҳсул ўйинчиси эканлигини амалда кўрсатди. 4-турда Ўзбекистон-1 жамоасининг барча аъзолари Туркия жамоаси шахматчилари билан муроса йўлини танлаганда Ёқуббоев туркиялик Кaн Емрени мағлуб этиб, жамоамизнинг 2,5:1,5 кўринишида ғалаба қозонишига беқиёс ҳисса қўшди.
Худди шунингдек, Ҳиндистон билан ўйинда ҳам жамоа муваффақиятини таъминлаган айнан Ёқуббоев бўлди.
Эртага бошланадиган 7-тур ўйинлари остонасида Ўзбекистон жамоаси 12 очко билан якка пешқадамга айланди. Хитой Германия жамоасини 3:1 ҳисобида енгиб, 11 очко билан 2-ўринни эгаллаб турибди.
Арманистон эса Эрон жамоасини 2,5-1,5 ҳисобида доғда қолдириб, очколари сонини 11 тага етказган ҳолда қўшимча кўрсаткичлар эвазига 3-ўринга кўтарилди. 6-турда Франция ва Англия (2:2) тенгликка эришган вазиятда техник сабаб туфайли мусобақада қатнашмаган Исроил жамоасига 0:4 ҳисобида мағлубият қайд этилиб, Нидерландия жамоасига муҳим очко тақдим қилинди. Ушбу турда АҚШ Норвегия жамоасидан 2,5:1,5 ҳисобида устунликка эришди.

Ўтказилган 6-тур ўйинлари натижасида Озарбайжон, Болгария, Туркия, АҚШ, Испания ва Ўзбекистон-2 каби 11 та жамоа 10 очко билан совринли ўринларга даъвогарлик ҳуқуқини сақлаб турибди.
Шахмат олимпиадасининг аёллар мусобақасида Хитой ва Қозоғистон жамоалари 12 очко билан етакчилик қилмоқда. Уларни 10 очкога эга 11 та жамоа таъқиб этмоқда.

6-турда Хитой Польшани 3,5-0,5, Қозоғистон Озарбайжонни 2,5:1,5 ҳисобида таслим этган бўлса, Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси тажрибали ва маҳоратли шахматчиларни жамлаган Грузия жамоасига имкониятни бой бериб қўйди(3,5:05).

Биринчи жамоа очко йўқотган бўлса, Ўзбекистон-2 аёллар жамоаси Шимолий Македония шахматчи қизларини 3,5:05, Ўзбекистон-3 жамоаси Швейцарияни 2,5:1,5 ҳисобида тор-мор этди.
6 та турдан сўнг Ўзбекистон-1 аёллар жамоаси 9 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 18-қаторни банд этган. Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, олдинда ҳали яна 5 та тур ўйинлари бор. Бу, шахматчи қизларимиз жамоаси Олимпиаданинг кучли учлиги учун курашни тўлақонли давом эттириш имкониятига эгалигини кўрсатмоқда.
Бугун, 22 сентябрь шахмат олимпиадаси иштирокчилари учун дам олиш куни сифатида белгиланган.
Эртага, 23 сентябрь куни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 7-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
7-турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Хитой жамоаси билан куч синашади.
Шунингдек, ушбу турда Ўзбекистон-2 — Франция, Ўзбекистон-3 — Жанубий Африка, Арманистон — АҚШ, Англия-Ҳиндистон, Германия-Туркия ўйинлари олимпиаданинг марказий мусобақалари саналади.
7-турнинг хотин-қизлар мусобақасида Ўзбекистон-1 жамоаси Словения билан, Ўзбекистон-2 Тожикистон ва Ўзбекистон-3 жамоаси перулик шахматчи қизлар билан тўқнаш келади.
Т. Рўзиев, ЎзА