“Шарқ марвариди – 2026” доирасида халқаро конференция бўлиб ўтди
Пойтахтимизда “Шарқ марвариди – 2026” от пойгаси мусобақалари ва кўргазмали чиқишлари доирасида “Ахалтеке тулпори – халқлар дўстлиги рамзи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда жами 250 нафар иштирокчи қатнашди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раҳбарияти, хорижий давлатлар от спорти федерациялари вакиллари, Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари, илмий-академик доира мутахассислари, соҳа олимлари, тадқиқотчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференция давомида йилқичилик ва от спортини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш, миллий анъаналарни асраб-авайлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев ўз маърузасида ахалтеке зотининг тарихий аҳамияти, унинг халқаро майдондаги ўрни ҳамда соҳани янада тараққий эттириш истиқболлари хусусида фикр билдирди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА