Спорт мактаблари директорлари учун малака ошириш семинари ташкил этилди
"Олимпия шаҳарчаси"да спорт ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари директорлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад раҳбарларнинг бошқарув салоҳиятини юксалтириш ва спорт таълими муассасалари фаолияти самарадорлигини оширишдан иборат.
Унда спорт вазири Адҳам Икромов иштирок этиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, раҳбар кадрлар олдида турган устувор вазифалар ҳамда спорт мактаблари фаолияти самарадорлигини янада ошириш масалаларига тўхталди.
Семинар дастури спорт муассасаларини бошқаришнинг замонавий ёндашувларини амалиётга жорий этиш, раҳбарларнинг бошқарув ва стратегик режалаштириш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, кадрлар сиёсати, оммавий спортни ривожлантириш, рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш, коррупцияга қарши курашиш, давлат харидлари тизимини тўғри ташкил этиш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш юзасидан назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.

Бундай семинарлар спорт мактаблари раҳбарларининг бошқарув маданиятини юксалтириш, муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда мамлакатда спорт тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА