Сенат: маҳаллий кенгаш депутатлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлиги кучайтирилади
Сенатда маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, депутатлар ва “маҳалла еттилиги” ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда жорий йил 16 июль куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Сенат қўмитаси раиси Э.Гадоев кейинги йилларда маҳалла институтини ривожлантириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш ва давлат хизматларини фуқароларга янада яқинлаштириш бўйича яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланишини таъкидлади.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари, бандлик, тадбиркорлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги вазифалар ижросини таъминлашда депутатлик назоратини кучайтириш зарур.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида маҳаллий кенгашлар ваколатлари кенгайгани, шу билан бирга, депутатлар зиммасидаги масъулият ҳам ошгани таъкидланди. Депутатлар фаолияти, аввало, аҳоли муаммоларининг ҳал этилиши, давлат дастурлари ижроси ҳамда ислоҳотларнинг амалий натижалари билан баҳоланиши лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Сенат кенгашининг маҳаллий кенгаш депутатлари ва “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигини такомиллаштиришга оид қарори ижроси таҳлил қилиниб, мониторинг натижалари муҳокама этилди. Бухоро, Наманган ва Фарғона вилояти кенгашлари раисларининг ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборотлари эшитилди.
Муҳокама якунида депутатларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, давлат дастурлари ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш, аҳолининг “Ташаббусли бюджет”даги иштирокини кенгайтириш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Маҳаллий кенгашлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг фаолиятини оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш муҳимлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА