Маҳалла– ибратли қадриятлар қўрғони
Ҳар бир инсоннинг ҳаёти маҳалла билан бевосита боғлиқ. Истиқлол йилларида маҳалладек ноёб тузилманинг жамиятдаги мавқеи ва мақомини тиклаш борасида ибратли ташаббуслар илгари сурилди. Кейинги йилларда бу борадаги эзгу ишлар қамрови кенгайгани диққатга сазовордир.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида маҳаллалар ривожига тааллуқли кенг қамровли ва тизимли ишларнинг 35 тасини санаб ўтмоқчимиз.
1. Мустақиллик йилларида маҳалла институти илк бор Бош қомусимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи сифатида мустаҳкамланди.
2. “Маҳалла институтининг ҳуқуқий асослари яратилди. 1993 йилда «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, 1999 йилда мазкур қонун янги таҳрирда қабул қилинди.
3. Маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириб борувчи ягона республика тузилмаси — Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди.
4. 22 март мамлакатимизда “Маҳалла тизими ходимлари куни” деб эълон қилинди.
5. Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилиб, уларнинг барқарор ва самарали фаолияти учун шароит яратилди.
6. “Маҳалла еттилиги” тизими жорий этилди. Жорий этилган еттилик – раис, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, солиқчи, ижтимоий ходим орқали маҳалла ягона кучга айлантирилди.
7. “Маҳаллаларда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили кенг жорий этилмоқда. Ушбу тамойил асосида ҳар бир маҳаллада осойишталикни таъминлаш, хавфсиз ва соғлом ижтимоий муҳитни шакллантиришга қаратилган янги ёндашувлар жорий этилмоқда.
8. “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилди ва ҳар бир маҳаллада ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жамғармалари шакллантирилди.
9. Ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси лавозими жорий этилди.
10. “Ташаббусли бюджет” (“Очиқ бюджет”) тизими жорий этилди. Фуқароларга маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни илгари суриш ва овоз бериш орқали уларни танлаш имконияти яратилди.
11. Маҳалла лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан мақсадли маблағлар ва грантлар ажратилиши йўлга қўйилди.
12. Оилавий тадбиркорликни молиялаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида имтиёзли кредитлар ажратиш тизими йўлга қўйилди.
13. Маҳалла “еттилиги”нинг ягона жамоа сифатида ишлаш тизими жорий этилди. Натижада аҳоли мурожаатларининг салмоқли қисмини маҳалланинг ўзида ҳал этиш механизми йўлга қўйилди.
14. Электрон платформалар жорий этилди. Маҳалла фаолиятини онлайн мониторинг қилиш ва рақамли бошқариш тизимлари йўлга қўйилди.
15. Тизимда қоғозбозликнинг камайишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Аҳолидан турли маълумотномалар талаб қилиш амалиёти бекор қилиниб, тизим рақамли базага ўтказилди.
16. Республикадаги барча маҳалла идоралари замонавий компьютер техникаси ва юқори тезликдаги интернет билан таъминланди.

17. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ҳаётга фаол жорий этилмоқда. Дастурлар доирасида минглаб маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
18. Маҳаллаларда ички йўллар инфратузилмаси яхшиланмоқда. Чекка ва таъмирталаб маҳаллаларда ички кўчаларни асфальтлаш, шағаллаштириш ва тош қопламаларини ётқизиш ишлари кенгайтирилмоқда.
19. Маҳаллаларда электр таъминоти ва ичимлик суви инфратузилмасини яхшилаш ишлари кенгайтирилди. Эски трансформаторлар янгиланиб, янги электр тармоқлари ҳамда ичимлик суви тармоқлари босқичма-босқич барпо этилмоқда.
20. Замонавий маҳалла марказлари барпо этилишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари учун барча қулайликларга эга янги хизмат бинолари барпо этилди.
21. “Темир дафтар” тизими жорий этилди. Кам таъминланган оилаларни тизимли қўллаб-қувватлаш механизми яратилди.
22. “Аёллар дафтари” тизими бўйича хотин-қизлар муаммоларини маҳалла даражасида аниқлаш ва ҳал этиш йўлга қўйилди.
23. “Ёшлар дафтари” тизими асосида ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
24. Камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллабай ишлаш натижасида аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш ва доимий иш ўринлари яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
25. Хотин-қизлар фаоллари лавозими жорий этилди. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш маҳалла даражасига кўтарилди.
26. Навбатдаги катта қадам сифатида маҳаллаларда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахслар билан ишлайдиган ижтимоий ходимлар фаолияти йўлга қўйилди.
27. Профилактика инспекторларининг маҳаллада яшаши йўлга қўйилди. Инспекторлар учун маҳалланинг ўзидан хизмат уйлари ажратилиб, аҳоли хавфсизлиги туну кун назоратга олинди.
28. Жиноятчиликдан холи маҳаллалар орта бошлади. Тизимли ишлар натижасида минглаб маҳаллаларда йил давомида умуман жиноят содир этилмаслигига эришилди.
29. Оилавий ажримлар камаймоқда. Маҳалла фаоллари ва кексалар палатаси туфайли низоли оилаларни яраштириш кўрсаткичи яхшиланди.
30. Маҳаллаларда бой ҳаётий тажрибага эга кекса авлод вакилларининг тарбиядаги роли кучайтирилди.
31. Ёшлар етакчилари институти жорий этилди. Маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва тўгаракларга жалб қилиш тизими яратилди.
32. "Беш ташаббус" олимпиадаси таъсис этилди. Маҳалла ёшлари ўртасида оммавий спорт ва маданиятни ривожлантирувчи йирик мусобақалар анъанага айланди.
33. Миллий қадриятлар тикланишига эътибор кучайди. Ҳашарлар, маҳалла байрамлари ва миллий анъаналарни асраб-авайлашда маҳалла асосий масканга айланди.
34. Маҳалла тизими ноёб демократик институт сифатида дунё ҳамжамияти ва хорижий давлатлар томонидан ўрганила бошланди.
35. Мамлакатимизда маҳаллалар фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшган соҳа фаолларини Ватанимизнинг юксак мукофотлари, фахрий унвонлари билан тақдирлаш кенг йўлга қўйилди.
Маҳалла – миллий қадриятимизнинг ажралмас бўлаги. Мустақиллик йилларида унга бўлган эътиборнинг кучайиши халқ маънавияти, ижтимоий ҳимоясига бўлган ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА