Сайёҳлар нега Ўзбекистонни танлаяпти?
Сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро туризм харитасида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.
Энди буни нафақат сайёҳлар оқими, балки дунёдаги энг йирик саёҳат платформаларидан бири — “Expedia Group” статистикаси ҳам тасдиқламоқда.
Компания маълумотларига кўра, 2026 йил июнь ойида Ўзбекистонга саёҳат қилиш бўйича интернет қидирувлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоизга ошган. Бу эса мамлакатимизга бўлган қизиқиш фақат минтақада эмас, балки жаҳон миқёсида ҳам ортиб бораётганини англатади.
Энг муҳими, бу қизиқиш амалий натижага айланмоқда. “Expedia” орқали расмийлаштирилган бронлар сони қарийб 46 фоизга, авиачипталар хариди эса 23 фоизга ўсган. Демак, одамлар Ўзбекистон ҳақида ўқиш ёки видеолар томоша қилиш билан чекланмай, сафар режаларини ҳам амалга оширмоқда.
Қизиқишнинг энг юқори суръати АҚШ ва Японияда қайд этилгани эътиборга молик. Шунингдек, Буюк Британия, Германия, Франция ва Жанубий Корея каби мамлакатлар ҳам Ўзбекистонни энг кўп излаётган туристик бозорлар қаторига кирмоқда.
Сайёҳларнинг энг кўп танлови ҳанузгача Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ, яна бир тарихий шаҳар — Хиванинг нуфузи ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Халқаро бронларда унинг улуши ортиши Ичан-қалъа ва қадимий меъморий меросга қизиқиш кучайганини кўрсатади.
“Expedia” платформасида тасдиқланган бронларнинг 82,9 фоизи айнан 2026 йилнинг июль–сентябрь ойларига тўғри келади. Бу эса Ўзбекистондаги кузги сайёҳлик мавсуми янада серҳаракат бўлишидан дарак беради. Бундай ўсиш тасодиф эмас. Кейинги йилларда янги халқаро авиақатновларнинг йўлга қўйилиши, визаларнинг соддалаштирилиши, мамлакатнинг халқаро кўргазмалар ва туристик ярмаркаларда фаол тарғиб қилиниши, шунингдек, бой тарихий ва маданий мероснинг дунёга кенг намойиш этилиши ўз самарасини бермоқда.
Бугун Ўзбекистон фақат Ипак йўлининг юраги сифатидагина эмас, балки замонавий туризм имкониятларини таклиф этаётган, хавфсиз ва меҳмондўст мамлакат сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
“Expedia Group” статистикаси эса бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади: дунё Ўзбекистонни кашф этмоқда. Энди эса бу қизиқишни янада сифатли хизмат, янги туристик маҳсулотлар ва юқори даражадаги сервис билан мустаҳкамлаш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА