Хорижий сайёҳлар ва ҳунармандлар учун “Tax Free” ахборот материаллари ишлаб чиқилди
Мамлакатимиз миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига хорижликларнинг қизиқишини ошириш ҳамда туризм соҳасидаги қулайликларни кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 мартдаги “Чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни йўналишда муҳим асос бўлмоқда.
Жумладан, чет эл фуқароларига қўшилган қиймат солиғини қайтариш тизимидаги айрим маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, тизим қамровини кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини янада ошириш масалалари ўрин олган.
Ҳужжатда хорижий сайёҳларга “Tax Free” тизими имкониятларини кенг тарғиб қилиш бўйича вазифалар кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси томонидан Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда вазифалар ижроси доирасида “Tax Free” тизимининг афзалликлари ҳамда хорижий фуқароларга қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиби бўйича ахборот материаллар ишлаб чиқилди, дейилади Ҳунарманд уюшмаси маълумотида.
Тайёрланган ахборот материаллари хорижий меҳмонларга қулай бўлиши мақсадида ўзбек, инглиз, рус, хитой ва араб тилларига таржима қилинди.
Бу орқали хорижий сайёҳларни “Tax Free” тизими имкониятлари ҳақида хабардор қилиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган қизиқишни ошириш ҳамда туризм соҳасида яратилаётган қулайликларни кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, “Tax Free” чет давлат фуқароларига улар мамлакатдан чиқиб кетаётганда сотиб олинган товарлар учун тўланган ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) суммасини қайтариб бериш тизими ҳисобланади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА