Самарқандга Индонезиядан келадиган сайёҳлар оқими ошади
Зиёрат туризми соҳасида ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш мақсадида аввал Малайзия, айни пайтда эса Индонезияда бўлиб турган Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев бошчилигидаги делегация муҳим учрашув ва мулоқотлар ўтказмоқда.
Жумладан, Индонезия дин ишлари вазири Насаруддин Умар билан учрашувда Самарқандни ушбу давлатдан келувчи сайёҳлар ва зиёратчилар учун муҳим марказга айлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу борада Имом Бухорий мажмуасининг аҳамияти катта эканлиги алоҳида таъкидланди. Айнан шу маскан атрофида зиёрат туризмини ривожлантириш, янги йўналишлар яратиш ва инфратузилмани яхшилаш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Учрашувда махсус туризм йўналишларини ишлаб чиқиш, транспорт ва логистика тизимини такомиллаштириш, шунингдек, икки давлат илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Насаруддин Умар Самарқанднинг бой тарихий ва маънавий мероси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун умумий қадрият эканини таъкидлаб, индонезиялик зиёратчиларнинг бу масканга бўлган қизиқиши янада ортишига ишонч билдирди.

Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев ва Индонезия маданият вазири Фадли Зон учрашувида маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва туризм салоҳиятини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Жумладан, томонлар йирик медиа лойиҳани амалга ошириш – Шайх Мавлоно Малик Иброҳим ҳамда Индонезиянинг биринчи президенти Сукарно ҳаёти ва фаолияти ҳақида фильмлар яратиш ташаббусини муҳокама қилди. Сукарно Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилган илк хорижий давлат арбоби сифатида тарихда қолган. Ушбу тарихий факт икки халқ ўртасидаги маънавий ва маданий боғлиқликни намоён этади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг қайд этишича, учрашувда Самарқанд ва Жакарта шаҳарларида “Маданият ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича ҳам келишиб олинди.

А.Бобоев Шарқий Ява провинцияси губернатори Хофифа Индар билан учрашувда икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий, маданий, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Губернатор Хофифа Индар Самарқанд билан яқин алоқалар ўрнатиш Шарқий Ява учун устувор йўналиш эканини билдирди.
Томонлар туризмни ҳамкорликнинг асосий драйвери сифатида баҳолаб, ҳудудлараро тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлашди. Тез орада Шарқий Ява уламолари делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири