Рекламадаги чалкашлик тадбиркорга муаммо бўлди
Хоразм вилоятида интернетда тарқалган нотўғри маълумот бир тадбиркор учун жиддий оқибатларга олиб келди. Гап шундаки, “LARGO TYRES GROUP” МЧЖ ўз маҳсулотлари ҳақида асоссиз ва салбий ахборотлар тарқатилаётгани юзасидан мурожаат қилган.
Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишларда Хонқа туманида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор ўзининг “shina.olami” Instagram саҳифасида “LARGO” русумли шина ва аккумуляторлар ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар бергани аниқланди. Бу орқали нафақат маҳсулот сифатига путур етказилган, балки бошқа брендлар ҳам камситувчи тарзда тилга олинган.
Мутахассислар бу ҳолатни амалдаги қонунчиликка зид, деб баҳолаб “Реклама тўғрисида”ги қонун талаблари бузилганини қайд этди.
Натижада, ушбу тадбиркорга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга оширилди.
Қисқаси, интернетда ҳар қандай маълумотни текширмасдан тарқатиш нафақат ишончни, балки жавобгарликни ҳам келтириб чиқаради.
Н. Раҳмонова, ЎзА