Очиқлик рейтинги пасайишидан сўнг “ЎзМЭТ” АЖда динамик ўзгаришлар кузатилди
Бугун Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуман “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2026 йилнинг 1-чорагида амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланди.
Унда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Абдумалик Назиров, ўринбасарлар - Собиржон Ортиқов ва Акбархон Йўлдошев сўзга чиқиб, мамлакатимиз энергетика соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар тармоқ фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқаётганини қайд этди.
Масъулларнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида электр энергиясини узатиш, тармоқларни ишончли эксплуатация қилиш ва соҳани ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, 1-чорак якунларига асосан 21,9 миллиард киловатт-соат электр энергияси узатилди ва режа 108 фоизга бажарилди. Технологик йўқотишлар 1,1 миллиард киловатт-соатни ташкил этиб, 3,97 фоизгача пасайтирилди (меъёр 4,99 фоиз). Шу даврда 19,9 миллион киловатт-соат электр энергияси иқтисод қилинди. 1000 киловатт-соат электр узатиш учун сарф 48,7 киловатт-соатни ташкил этди.
Йил якунига қадар 82,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси узатиш, технологик йўқотишларни 4,96 фоиз даражасида ушлаб туриш ва 115,3 миллион киловатт-соат электр энергиясини иқтисод қилиш режалаштирилган.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Абдумалик Назировнинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда электр энергетикаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, тармоқнинг барқарорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
[gallery-29211]
–Биз учун энг муҳим вазифалардан бири электр энергиясини узлуксиз етказиб бериш билан бирга, унинг сифатини ҳам таъминлашдир. Бугунги кунда тармоқларни модернизация қилиш, эскирган инфратузилмани босқичма-босқич янгилаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, юқори кучланишли электр узатиш линиялари ва подстанциялар реконструкция қилиниб, замонавий рақамли бошқарув тизимлари жорий этилмоқда. Бу эса энергия йўқотишларини камайтириш ва тизимни масофадан туриб бошқариш имконини беради. Яна бир муҳим йўналиш шуки, бу - қайта тикланувчи энергия манбаларини миллий тармоққа интеграция қилишдир. Қуёш ва шамол электр станцияларининг улуши ошиб бораётган бир пайтда, уларни ягона тизимда самарали бошқариш масаласи долзарб аҳамият касб этади.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, ҳозирги кунга қадар умумий қуввати 6 979 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги электр станциялари ишга туширилган. Жумладан, 4430 МВт қуёш фотоэлектр станциялари, 1 652 МВт шамол электр станциялари ва 897 МВт электр энергиясини сақлаш тизимлари ташкил этади. 2026 йил давомида умумий қуввати 3 929 МВт бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги станцияларни ишга тушириш режалаштирилган.
Албатта, барча ислоҳотларнинг марказида инсон омили туради. Малакали кадрлар тайёрлаш, ходимларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳам устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Умуман олганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар электр энергетикаси соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодиётимиз тармоқларини барқарор энергия билан таъминлашга хизмат қилади, – деди А.Назиров.
Тадбирда мавжуд тармоқларни модернизация қилиш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда инвестиция дастурларининг ижроси каби йўналишлар сарҳисоб қилинди ва келгуси режалар муҳокама этилди. Маълум қилинишича, ҳозирги кунда тизим тасарруфида 1 675 та подстанция ва 38 623 километр электр узатиш тармоқлари мавжуд бўлиб, умумий қувват 61 012 мегавольт-амперни ташкил этади. 1-чорак давомида минглаб километр тармоқларда режали кўриклар, юзлаб ускуналарда таъмирлаш ва модернизация ишлари амалга оширилди.
Ёз мавсуми ҳамда 2026-2027 йиллар куз-қиш даврига тайёргарлик доирасида 23 552 километр магистрал электр узатиш тармоқларининг 5 667 километрида таъмир ишлари бажарилди, 2 817 та куч трансформаторлардан 792 таси ва 4 217 та ўчиргичлардан 921 таси таъмирдан ўтказилди.
Инвестиция дастурлари доирасида 1-чоракда 117,2 миллион доллар маблағ ўзлаштирилди, бу режага нисбатан 140 фоизни ташкил этади. Йил якунига қадар жами 664,4 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бу маблағлар ҳисобидан янги подстанциялар қуриш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда электр узатиш тармоқларини кенгайтириш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, рақамлаштириш ва автоматлаштириш йўналишида SCADA ва ERP тизимлари жорий этилмоқда. Сунъий интеллект ечимлари асосида электр тармоқларини бошқариш самарадорлигини ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА