Реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини телефон орқали соат 18.00 дан 09.00 гача тарқатиш тақиқланади
Бу ҳақда "Аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш ҳамда фуқаролар учун қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарорида белгиланди.
Шунингдек, қарорга кўра, 2026 йил 1 октябрдан жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси каби бирламчи маълумотлари ўзгарганда ўзида ушбу маълумотларни акс эттирувчи давлат органларига тегишли ахборот тизимларидаги маълумотларга автоматик тарзда идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан ўзгартиришлар киритиш амалиёти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 ноябрдан бошлаб мобиль алоқа воситалари орқали SMS-хабарномалар йўли билан товар (иш, хизмат)ларни таклиф (реклама) қилувчи ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар фақат шахснинг ёзма ёки электрон розилигини олгандан сўнг ушбу ҳаракатларни (рекламани) амалга оширади.
Мобиль алоқа воситаларига реклама қўнғироқлари ва SMS-хабарномаларни жўнатиш хизматини кўрсатувчи юридик шахслар ўзларининг ахборот тизимларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказгандан кейин тегишли хизматларни кўрсатишига йўл қўйилади.
Мобиль алоқа операторларига ўзлари томонидан тарқатиладиган реклама қўнғироқлари ва хабарномаларини абонент сўровига кўра тўлиқ ёки қисман блоклаш мажбурияти юклатилади.
Мазкур белгиланган талабларга риоя этмаслик реклама ҳамда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади ва тегишли чоралар кўриш учун асос бўлади.
ЎзА