Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятида барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари вақтинча ёпилди.
Тошкент вилояти ҳокими раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда барча туман ва шаҳар ҳокимликларига топшириқ берилди. Яъни, жорий йил 16 июлдан бошлаб ҳудуддаги барча давлат, хусусий ва идоравий мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди. Шу бўйича туман-шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорлари чиқарилиб, жойларда амалга ошириш лозим бўлган вазифалар белгиланди.

Боғчалар фаолияти об-ҳаво меъёрий ҳолатга келгач, вилоят ҳокимлигининг қўшимча қарорига асосан қайта йўлга қўйилади.
***
Ангрен шаҳрида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида спортнинг миллий кураш тури бўйича вилоят босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.

Унда Оҳангарон тумани спортчилари муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритди. Ҳудуддаги "Увак", "Нуробод" ва "Чувилдоқ" каби МФЙлар ёшлар ўз вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Ғолиблар энди мусобақанинг республика босқичида қатнашади.
***
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳани амалга оширмоқда.

Бу борада Латвия делегацияси Бўстонлиқ туманида бўлиб, қишлоқ хўжалигидаги илғор тажрибалар билан танишди.
Меҳмонлар “Бўстонлиқ Картошкачилик Маркази”да серҳосил картошка навларини етиштириш ва сақлаш жараёнлари, “Escalodo Business” МЧЖда эса малина, қулупнай ва қорағат етиштиришда сувни тежовчи замонавий технологияларни қўллаш тажрибаси ўрганилди. Мазкур лойиҳа томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг даромадини ошириш, замонавий агротехнологияларни оммалаштириш ҳамда қишлоқ ҳудудларида янги бандлик имкониятларини яратишга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.