Рақамли маркировкалаш: аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотлар сотилишининг олди олинади
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда асоссиз текширувларнинг олдини олишга қаратилган муайян ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, маҳсулотлар ноқонуний равишда ишлаб чиқарилиши ва муомалага киритилишининг олдини олиш учун қонунчиликда белгиланган айрим турдаги маҳсулотларни идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш ва ушбу маҳсулотларнинг айланмасини кузатиб бориш тизимини янада кучайтириш зарурати юзага келган.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Рақамли маркировкалаш тизимининг самарадорлиги оширилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов қонуннинг мақсади айрим турдаги маҳсулотларни рақамли маркировкалаш йўли билан уларнинг айланмасини масофавий назорат қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилганини таъкидлади.
Товарларни маркировкалаш истеъмолчиларни сифатсиз, сохта маҳсулотларни сотиб олишдан ҳимоялашга мўлжалланган. Маркировканинг мавжудлиги ишлаб чиқарувчини қонун нормалари ва сифат стандартларига қатъий риоя этишга ундайди.

Қонун билан Солиқ кодексига товарлар (маҳсулотлар)ни мажбурий маркировкалаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик тўғрисида икки марта расмий огоҳлантириш берилганидан кейин масофавий солиқ текширувини ўтказишни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонунда масофавий солиқ текширувини ўтказиш 5 кун муддат бўлганлиги ҳамда далолатнома электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштирилиши белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун хуфиёна иқтисодиётнинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини қисқартириш, аҳолига сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни (спиртли ичимлик, тамаки маҳсулоти, дори воситалари, салқин ичимлик ва бошқалар) реализация қилиш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА