Ўзбекистоннинг иқтисодий нуфузи янги босқичга кўтарилмоқда
Дунёнинг энг йирик молиявий марказларидан бири — Лондон фонд биржасида бўлиб ўтган UzNIF IPO маросими Ўзбекистон иқтисодиёти тарихида муҳим воқеа сифатида қайд этилди.
Хабар берилишича, халқаро инвесторлар томонидан келиб тушган умумий талаб ҳажми қарийб 3 миллиард АҚШ долларига етган. IPO’га бўлган қизиқиш дастлабки прогнозларга нисбатан 4 баробар юқори бўлгани таъкидланмоқда.
Бу ҳолат Ўзбекистон молия бозорига бўлган ишончнинг ортиб бораётгани, инвестицион муҳитдаги ислоҳотлар ва очиқлик сиёсати натижаси эканини кўрсатади.
Жараёнда BlackRock ва Franklin Templeton каби дунёдаги етакчи молиявий институтларнинг иштирок этиши мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга бўлган ишонч тобора мустаҳкамланаётганини англатади.
Таъкидланишича, UzNIF IPO — Ўзбекистоннинг глобал капитал бозорларига интеграциялашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва молиявий секторни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Бугун, 18 май куни Лондон фонд биржасида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) акцияларининг илк оммавий жойлаштирилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг молиявий тарихида янги саҳифа очилгани сифатида баҳоланмоқда.
Маросимда дунёдаги етакчи молиявий корпорациялар иштирок этгани халқаро молия бозорлари Ўзбекистонни ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида кўраётганини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, маҳаллий компанияларга инвестиция киритиш, корпоратив бошқарув ва шаффофликнинг замонавий стандартларини жорий этишга қизиқиш юқори экани қайд этилди.
Тадбирда Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда Ўзбекистон Президентининг иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатчиси Обид Ҳакимов иштирок этгани хабар қилинди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Лондон фонд биржаси (London Stock Exchange) 1801 йилдан буён фаолият юритиб келаётган дунёнинг энг йирик ва энг қадимий биржаларидан бири ҳисобланади. Унда 60 дан ортиқ мамлакатдан 2 000 дан зиёд компаниялар рўйхатдан ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси Президентнинг 2024 йил 27 августдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, унинг ишончли бошқарувчиси сифатида Franklin Templeton компанияси фаолият юритмоқда. UzNIF портфелига энергетика, транспорт, телекоммуникация, банк ва инфратузилма соҳаларидаги йирик давлат корхоналари киритилган.
Ш.Маматуропова, ЎзА