Раҳбарлар аҳоли мурожаатларига қандай муносабатда бўлаётгани маҳаллий кенгашларнинг эътиборида бўлади
Сенатда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари иштирокида семинар ўтказилди.
Унда маҳаллий вакиллик органлари томонидан аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботларини сессияларда эшитиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, инсон қадрини улуғлаш ва фуқаролар муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Ушбу вазифалар “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда давлат раҳбарининг аҳоли билан мулоқот тизимини янада самарали ташкил этишга қаратилган ташаббусларида ҳам ўз ифодасини топган.

Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитишнинг янги тартиби жорий этилди.
Мазкур тартибга кўра, ҳокимлар ҳамда ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш ҳисоботлари маҳаллий кенгашлар сессияларида ҳар чоракда камида бир марта эшитиб борилади. Бу эса маҳаллий кенгашларнинг депутатлик назоратини амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Семинарда маҳаллий кенгашлар ўз ваколатларини амалга оширишда ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарининг ахбороти ва аҳоли мурожаатлари таҳлили асосида давлат органлари раҳбарлари ҳисоботларини танқидий ва таҳлилий руҳда кўриб чиқиши зарурлигига урғу берилди. Бунда ҳисоботлар фақат расмий статистика билан чекланмаслиги керак. Аксинча, улар мурожаатларни ҳал этиш натижалари, кўрилган таъсир чоралари, фуқароларни қабул қилиш амалиёти, шунингдек, такрорий мурожаатларни камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилини ҳам қамраб олиши лозим.
Муҳокама давомида маҳаллий кенгаш қарорларида аниқ вазифалар белгилаш ва уларнинг ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини таъминлаш аҳоли мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини оширишнинг муҳим омили экани алоҳида таъкидланди.

Мурожаатлар билан ишлаш ҳолати давлат органлари фаолияти самарадорлигининг муҳим мезони экани, бу борада ижро интизомига қатъий риоя этиш, мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли ҳал қилиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олишда маҳаллий кенгашларнинг ўрни ва масъулияти янада ортиб бораётгани қайд этилди.
Семинарда Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ижро интизомини таъминлаш бўйича қўлланма мазмунига ҳам тўхталиб ўтилди. Унда соҳадаги қонунчилик талаблари ва амалий механизмлар ёритилганига эътибор қаратилди.
Тадбир якунида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолияти самарадорлигини оширишга доир таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА