“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви
Навоий давлат университетида ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда истиқболли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда вилоят прокурори Абдуқаҳҳор Муллажонов, вилоят ИИБ бошлиғи Азат Тасбаев, вилоят Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Лазиз Қаюмов ҳамда университет ректори, профессор Муҳиддин Калонов иштирок этди.

Учрашув давомида ёшларнинг келгуси режалари, меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллаши, касбга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва давлат томонидан яратилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, битирувчилар учун амал қилаётган имтиёзлар, молиявий кўмак воситалари ва бандликни таъминлашга қаратилган дастурлар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.
Учрашувда талабаларнинг мурожаатлари, дуч келаётган муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Ёшлар томонидан тақдим этилган истиқболли ташаббуслар кўриб чиқилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири