Тошкентда сунъий кўллар: шаҳар экологияси ва дам олиш масканлари янгиланмоқда
Тошкентда шаҳарсозликда янги босқич бошланди. Аҳолига қулайлик, экологик тозалик ва хавфсиз муҳит яратиш учун пойтахтда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Тошкент шаҳрида аҳолига қулайлик яратиш, экологик тозалик ва хавфсиз муҳитни таъминлаш устувор вазифалардан биридир. Ободонлаштириш ишлари натижасида шаҳарликлар ва пойтахт меҳмонлари учун замонавий жамоат масканлари бунёд этилмоқда. Бунда дарахтларни сақлаб қолиш, экологик талаблар ва қонунларга риоя этиш ҳар бир босқичнинг муҳим шартидир.
Бугунги кунда Тошкентнинг барча туманларида сунъий кўллар барпо этиш ташаббуси бошланган. Бунинг бир қатор муҳим афзалликлари бор: сув ҳавзалари салқинлик ва эстетик завқ бағишлаш билан бирга, ер ости сувларининг тўпланиб қолмаслигига, пастликда жойлашган ҳудудларнинг захланишининг олдини олишга ҳамда дренаж тизимларининг самарали ишлашига хизмат қилади. Айни шундай лойиҳалардан бири Сергели туманининг Қумариқ маҳалласида амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида 5 гектар умумий ер майдони ажратилган бўлиб, шундан 17 минг квадрат метри сунъий сув ҳавзасига тегишли. Қолган ҳудудда болалар майдончалари, шийпонлар ва барбекю зоналари жойлашади. Шунингдек, қуёш панеллари, сувни тозалаш ва озонлаш тизимларини ўрнатиш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳа муҳандиси Муҳиддин Холиқовнинг сўзларига кўра, кўлнинг сув манбаи 30 метр чуқурликдаги ер ости қудуқлари бўлади, чунки ҳудудда канал ва сув оқимлари мавжуд эмас. Сув сатҳини назорат қилиш учун автоматик ускуналар ўрнатилади. "Бу ерда болалар майдончаси, айвончалар, югуриш ва ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар барпо этилади", — дейди муҳандис. Олиб борилган геологик тадқиқотлар ушбу ер майдонининг лойиҳани амалга оширишга тўлиқ мос келишини тасдиқлади. Айни пайтда асосий ишларнинг 30 фоиздан ортиғи бажарилган. Ҳозирда конструкцияни арматуралаш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, тиргак деворини ҳосил қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ноябрь ойига қадар деворнинг 800 метрга яқин қисмини якунлаш ва сув ҳавзаси тубидан тупроқни тўлиқ чиқариб олиш режалаштирилган. Бутун объект қурилишини йил охиригача якунлаш мўлжалланмоқда.

Бу сув ҳавзаси чангни камайтириш, ҳавони намлантириш ва атроф-муҳит учун янада қулай микроиқлимни шакллантиришга хизмат қилади. Келгусида бу ер аҳолининг дам олиши, сайр қилиши ва спорт билан шуғулланиши учун севимли масканга айланади. Қурилиш ишлари доимий назорат остида олиб борилмоқда, аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмоқда.

Ушбу лойиҳалар эстетик кўринишдан ташқари, ер ости сувларини тартибга солиш, дренаж тизимларини яхшилаш ва микроиқлимни мўътадиллаштириш орқали экологик муҳитни сезиларли даражада яхшилайди.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА