“Quantbox Chennai Grand Masters 2026”: бугун 8 нафар энг кучли шахматчининг қайси ўринлардан жой олиши маълум бўлади
Бугун, 22 июль куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтаётган “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” халқаро турнирида иштирок этаётган 8 нафар энг кучли шахматчининг қайси ўринлардан жой олиши маълум бўлади.
Мукофот жамғармаси 79 минг 500 АҚШ долларидан иборат нуфузли мусобақанинг сўнгги 7-тур баҳсида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов қора доналарда россиялик Дмитрий Андрейкин билан куч синашади.

Кеча ўтказилган 6-тур мусобақасида Нодирбек оқ доналарда турнир жадвалида етакчилик қилаётган Франция вакили Алиреза Фирузжага қарши дона сурди.
Қизиқарли кечган баҳсда томонлар муроса йўлини танлаши ортида Фирузжа 4 очко билан пешқадамлик ўрнини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Н.Абдусатторов эса 3,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринга кўтарилиб олди.
Ғолибликка даъвогарлардан саналган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ортда қолган 6-тур ўйинида кутилмаганда оқ доналарда ҳамюрти Ниҳал Саринга имкониятни бой бериши натижасида 3,5 очко билан 3-ўринни банд этишга мажбур бўлди.

Халқаро турнирнинг сўнгги турида 6-турда очко йўқотган Аржун Эригаиси қора доналарда ғолибликка асосий даъвогар Алиреза Фирузжа билан тўқнаш келади.
Улар ўртасидаги жангда томонлар муроса йўлини танлаган вазиятда Абдусатторов россиялик рақибини мағлуб этса, Чиннай мусобақасининг ғолиблик байроғи Ўзбекистон сари юз тутиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Бироқ шахматда натижани олдиндан башорат қилиб бўлмайди. Лекин охирги турлардаги ўйинларга кўра, совринли ўринлар учун кураш айнан Фирузжа, Абдусатторов ва Эригаиси ўртасида кечадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” турнирида ғолибликка эришган шахматчи 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг, 3-ўринни банд этган иштирокчи 10 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Шунингдек, Чиннай мусобақасида 4-8-поғоналардан жой эгаллаганлар ҳам мусобақа низомига мувофиқ маълум миқдордаги пул маблағларига эга чиқади.
Т. Рўзиев, ЎзА