Қимматбаҳо металлар ва тошлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси ҳамда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида бўлиб ўтган учрашувда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорда қонуний ва шаффоф фаолият юритишни қўллаб-қувватлаш, хуфиёна иқтисодиёт ҳамда ноқонуний айланма ҳолатларининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини юксалтириш, тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Учрашув якунида Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси бошлиғи Раҳимжон Бобоев ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов томонидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар соҳасида қонунийлик ва шаффофликни мустаҳкамлаш, истеъмолчилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
ЎзА