Қиличбозлар мамлакат кубогида беллашмоқда
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида 2013 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўғил-қизлар ўртасида қиличбозлик бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари давом этмоқда.
Қўқон шаҳридаги 1-сон спорт мактабида ўтказилаётган мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш қиличбозлар рапира йўналиши бўйича жамоавий беллашувларда иштирок этди. Унда ўғил болалар ўртасида Фарғона-1 жамоаси чемпионга айланган бўлса, Тошкент-1 иккинчи, Андижон ҳамда Фарғона-2 жамоалари учинчи ўринни эгаллади. Қизлар орасида эса Тошкент-1 жамоаси бош совринга эга чиқди. Шунингдек, кучли учликдан Тошкент-2 ва Фарғона-2 ва Андижон жамоалари ўрин олди.

Мусобақа сўнгида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Қўқон шаҳри ҳокими ҳамда Қўқон шаҳри 1-сон спорт мактаби директори иштирок этиб, ёш қиличбозларни муваффақият билан табриклади ва уларга келгуси спорт фаолиятида янги зафарлар тилади.
Бугун эса турнир доирасида шпага бўйича яккалик баҳсларига старт берилди. Унда ёш қиличбозлар медаллар учун курашни давом эттирмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА