Афсонавий “Ацтека” стадиони мундиал рекордини ўрнатади
Жаҳон чемпионатларига оид муҳим фактлар
Эртага, 11 июнь куни тўрт йилликнинг энг нуфузли спорт мусобақаси — футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати старт олади. 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган мундиалда дунёнинг 48 та терма жамоаси 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда бош соврин учун баҳс олиб боради.
Чемпионатнинг илк учрашувида Мексика ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари майдонга тушади. Мазкур баҳс 11 июнь куни мамлакатимиз вақти билан соат 23:59 да старт олади. Ушбу ўйинга Мехико шаҳрида жойлашган афсонавий “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади.

“Ацтека” нафақат Мексика, балки жаҳон футболининг энг машҳур ареналаридан бири ҳисобланади. 87 минг нафардан ортиқ томошабинни қабул қилиш имкониятига эга бўлган стадион 1966 йилда қурилган бўлиб, кейинчалик бир неча бор модернизация қилинган ва сўнгги йилларда кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилган.
Бу стадион ҳақида бежиз тўхталмаяпмиз. Чунки бундан 40 йил муқаддам, 1986 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашуви ҳам айнан шу аренада ўтказилган эди. Ўшанда амалдаги Жаҳон чемпиони Италия терма жамоаси Болгарияга қарши баҳс олиб борган ва учрашув 1:1 ҳисобида якунланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ацтека” жаҳон футболи тарихида ўчмас из қолдирган стадионлардан бири саналади. У 1970 ва 1986 йиллардаги мундиалларга, шунингдек, мазкур турнирларнинг финал баҳсларига мезбонлик қилган. 2026 йилда эса ушбу арена учинчи бор Жаҳон чемпионатининг очилиш учрашувини қабул қилиб, ўзига хос рекордни қайд этмоқда.
Дарвоқе, футбол мухлисларига яхши маълум бўлган тарихий воқеалардан бири ҳам айнан “Ацтека” билан боғлиқ. 1986 йилги мундиалда Аргентина терма жамоаси сардори Диего Марадона Англияга қарши чорак финал баҳсида қўли билан урган машҳур голни айнан шу стадионда урган эди.
“Ацтека” бугун ҳам ўзининг бетакрор муҳити ва бой тарихи билан жаҳон футболининг энг нуфузли ареналаридан бири сифатида эътироф этилади. Энди эса мазкур стадион яна бир бор мундиал тарихининг янги саҳифасини очиш арафасида турибди.
Шу ўринда, 1990 йилдан буён бугунга қадар Жаҳон чемпионатларининг очилиш ўйинларига мезбонлик қилган стадионлар ва илк учрашувлар ҳақида маълумот беришни лозим топдик.

1990 йилги Жаҳон чемпионати Италиянинг Милан шаҳридаги “Сан-Сиро” (Жузеппе Меацца) стадионида старт олди. “ЖЧ-90” даги илк ўйин - Аргентина ва Камерун (0:1) ўртасидаги баҳс ушбу аренада ўтказилган. Стадион 1926 йилда қурилган бўлиб, 1990 йилги мундиал арафасида кенг кўламли реконструкция қилинган. Турнир даврида унинг сиғими қарийб 88,5 минг ўринни ташкил этган.
1994 йил АҚШ мезбонлик қилган мундиалда Германия ва Боливия (1:0) терма жамоалари Чикагодаги “Солджер Филд” стадионида ўйнади. 1924 йилда фойдаланишга топширилган мазкур иншоот АҚШдаги энг тарихий спорт ареналаридан бири ҳисобланади. Стадион 2002-2003 йилларда таъмирланган бўлиб, бугунги кунда унинг сиғими 61,5 минг атрофида.
1998 йилги Франция мундиали Париж яқинидаги Сен-Дени шаҳрида жойлашган “Стад де Франс” аренасида бошланган. Бразилия ва Шотландия (2:1) ўртасидаги баҳсга мезбонлик қилган стадион 1998 йилда қурилган бўлиб, 80 мингдан ортиқ мухлисни қабул қилиш имкониятига эга. Кейинчалик у 1998 йилги Жаҳон чемпионати финали ҳамда бир қатор йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилди.
2002 йилда Корея Республикаси ва Японияда ташкил этилган мундиалнинг очилиш баҳси Сеул шаҳридаги “Сеул Жаҳон чемпионати стадиони”да бўлиб ўтди. Франция ва Сенегал терма жамоалари иштирокидаги учрашув сенсацион натижа билан якунланган. Ўшанда сенегаллик футболчилар 0:1 ҳисобида зафар қучган эди. Дарвоқе, ўйингоҳ 2001 йилда қуриб битказилган ва 66 минг 704 томошабинга мўлжалланган.
2006 йилги Жаҳон чемпионати Германиянинг Мюнхен шаҳридаги “Альянц Арена”да бошланди. Германия ва Коста-Рика терма жамоалари иштирокидаги сермаҳсул учрашув 4:2 ҳисобида якунланган. Замонавий архитектура намунаси саналган стадион 2005 йилда қурилган бўлиб, мундиал даврида 69 минг мухлисни қабул қилиш имконига эга эди.
2010 йилги мундиал тарихда илк бор Африка қитъасида ўтказилди. Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳридаги “Соккер Сити” стадионида мезбонлар Мексика билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. 1989 йилда қурилган, кейинчалик тўлиқ реконструкция қилинган ушбу арена қарийб 95 минг томошабин сиғимига эга. Қизиғи шундаки, орадан 16 йил ўтиб, 2026 йилги мундиалнинг очилиш баҳсида ҳам Мексика ва Жанубий Африка Республикаси терма жамоалари ўзаро тўқнаш келмоқда.

2014 йилги Бразилия мундиали Сан-Паулу шаҳридаги “Арена Коринтианс” стадионида бошланган. Бразилия ва Хорватия (3:1) ўртасидаги баҳсга мезбонлик қилган стадион 2014 йил арафасида қуриб битказилган бўлиб, мундиал учун унинг сиғими 68 минг ўринга етказилган.

2018 йил Россия мезбонлик қилган Жаҳон чемпионати Москвадаги “Лужники” стадионида старт олди. Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги баҳс 5:0 ҳисобида якунланган. 1956 йилда қурилган ушбу арена реконструкциядан кейин 81 мингдан зиёд мухлисни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

2022 йил Қатар мундиалининг очилиш учрашуви “Ал-Байт” стадионида бўлиб ўтди. Унда мезбонлар Эквадор терма жамоасига 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. 2021 йилда қурилган мазкур замонавий арена 68 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, анъанавий араб чодирини эслатувчи ноёб дизайни билан ажралиб туради.
Жаҳон чемпионатларининг очилиш учрашувлари ўтказилган стадионлар тарихи шуни кўрсатадики, мундиал учун танланган ареналар нафақат спорт иншооти, балки мамлакатнинг замонавий қиёфаси ва футбол маданиятини намоён этувчи муҳим рамз ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, Жаҳон чемпионатлари тарихида очилиш учрашуви иштирокчиларини аниқлаш тартиби бир неча бор ўзгарган. Хусусан, 1974–2002 йилларда мундиалнинг илк баҳсида амалдаги Жаҳон чемпионлари иштирок этиши анъана тусини олган эди. Шу боис Бразилия, Аргентина, Германия, Италия ва Франция терма жамоалари чемпион сифатида турнирни бошлаб берган.
2006 йилги Жаҳон чемпионатидан бошлаб эса мазкур тартиб ўзгартирилди. Амалдаги чемпионларга автоматик йўлланма бериш амалиёти бекор қилиниб, очилиш учрашувида мезбон мамлакат иштирок этиши қоидаси жорий этилди. Натижада Германия, Жанубий Африка Республикаси, Бразилия, Россия, Қатар ва Мексика терма жамоалари мундиалнинг биринчи баҳсида майдонга тушиб, турнирга расман старт берди.
Жаҳон чемпионатларининг очилиш учрашувларига мезбонлик қилган ареналар тарихи нафақат футбол, балки бутун бошли даврлар солномасини ўзида мужассам этган. Афсонавий “Ацтека” стадиони эса ана шу тарихнинг энг ёрқин саҳифаларидан бири ҳисобланади. Орадан қирқ йил ўтиб, мазкур арена яна бир бор мундиалнинг илк баҳсига мезбонлик қилар экан, футбол мухлислари навбатдаги тарихий воқеага гувоҳ бўлишади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА