Қидирувда бўлган автомашина топилди
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан, қарздор Б.У.дан ундирувчи корхона фойдасига 383,5 миллион сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш белгиланган.
Ундирувни қарздорга тегишли «Equinox» русумли автомашинага қаратиш кўзда тутилган. Мазкур ижро ҳужжати 2024 йил 8 июль куни Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлими иш юритувига келиб тушган. Шундан сўнг қарздорга тегишли транспорт воситасини аниқлаш ва уни қонунчиликда белгиланган тартибда ундирувга қаратиш бўйича тегишли чоралар кўрилган.
Олиб борилган қидирув тадбирлари натижасида икки йилдан ортиқ вақт давомида қидирувда бўлган «Equinox» автомашинаси аниқланди. Транспорт воситаси белгиланган тартибда хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди.
Айни вақтда автомашинани реализация қилиш жараёни бошланган. Аукцион савдолари натижасида тушадиган маблағлар қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд қарздорликни қоплашга йўналтирилади.
Мазкур ҳолат суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш, қарздорликларни ундириш ҳамда ундирувга қаратилиши лозим бўлган мол-мулкни аниқлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кўрсатади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА