"Президент олимпиадаси": Иккинчи босқичга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди
Янги Ўзбекистоннинг профессионал спортдаги янги ғалабаларини таъминлашда ёшларимиз учун маҳорат майдони бўлиб хизмат қилаётган “Президент олимпиадаси” комплекс спорт мусобақаларининг биринчи босқичи жойларда “Туман ва шаҳар ҳокими олимпиадаси” сифатида ташкил этилди.
Эътиборли жиҳати, илк босқичданоқ иштирокчилар электрон платформа орқали рўйхатдан ўтказилди. Жойларда ташкил этилган спорт турлари бўйича ҳар бир мусобақа байрамона ташкил этилаётгани туфайли аҳоли вакиллари мусобақаларни зўр ҳаяжон билан кузатди. Бу, ҳудудларда соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга салмоқли таъсир кўрсатди.
Бироқ, айрим туман ва шаҳарларда мусобақалар тор доирада, яъни спорт мактаби, тўгарак, тегишли мутасаддилар иштирокида ташкил этилиши оқибатида аҳоли “Президент олимпиадаси”нинг илк босқич баҳсларидан бехабар қолиб кетган вазиятлар ҳам кузатилдики, бу мусобақа қамрови ва унинг оммавийлигига салбий таъсир кўрсатгани ҳам бор гап.

Спорт вазирлигида жорий йил май-июнь ойларида "Президент олимпиадаси" спорт мусобақаларининг иккинчи босқичини юқори савияда ўтказишга бағишланган йиғилишда биринчи босқич якунлари қисман таҳлил қилинган ҳолда истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталари мутасаддилари, спорт федерациялари раҳбарлари, ҳудудий спорт бошқармалари ва спорт мактаблари масъуллари ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ижрочи директорлари иштирок этди.

Йиғилишда 2026 йилги мавсум доирасида мусобақаларнинг биринчи босқичи якунлари таҳлили ва иккинчи босқичи, яъни "Ҳоким олимпиадаси" мусобақаларини юқори савияда ўтказишга тайёргарлик жараёнлари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалари 15-17 ёш тоифасидаги спортчилар ўртасида 10 та спорт тури бўйича ташкил этилган эди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган дастур асосида бу йилдан мусобақалар доираси янада кенгайтирилди. Эндиликда 13-14 ёшли спортчилар (бадиий гимнастика йўналишида 11-12 ёшлилар) 21 та олимпия спорт тури бўйича беллашувларда иштирок этиши иштирокчилар қамровини янада кенгайтириш, мураббий-мутахассисларнинг иш тизими, машғулот жараёнларини мониторинг қилиш, илғор тажрибаларни кенг ёйишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида “Президент олимпиадаси” ўйинларининг иккинчи босқичини ўтказишда спорт федерацияларининг масъулиятини янада ошириш, ҳудудий спорт бошқармалари ҳамкорликда ҳар бир йўналиш бўйича ўтадиган мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА