ОФК Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Канаданинг Ванкувер шаҳрида Осиё футбол конфедерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Унда Марказий Осиё минтақаси вакили, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди.
Йиғилишга ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа раислик қилди. Мажлисда Осиё футболининг долзарб масалалари, минтақада футболни янада ривожлантириш, аъзо ассоциациялар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда иқтисодий лойиҳалар ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ўз нутқида сўнгги йилларда Осиё футболида эришилаётган ютуқларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Осиё футболининг савияси ва иқтисодий имкониятларини янада ошириш, 2029–2036 йиллар цикли доирасида иқтисодий ва тижорий ҳуқуқларга оид лойиҳаларда муҳим натижаларга эришилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Йиғилиш якунида Осиё футбол конфедерацияси томонидан ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг навбатдаги муддатга қайта сайланишини бир овоздан қўллаб-қувватлаш қарори қабул қилинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА