Президент мактаби ўқувчиси Ҳарвард университетининг тўлиқ грантига сазовор бўлди
Фарғона шаҳрида жойлашган Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Дилафрўз Собирова дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири - АҚШдаги Ҳарвард университетига ўқишга қабул қилинди. У университетнинг “Интегратив биология” (Integrative Biology) йўналишида таҳсил олиб, 4 йиллик таълим харажатларини тўлиқ қоплайдиган 100 фоизлик грант соҳиби бўлди.
Маълум қилинишича, Дилафрўз Собировага тақдим этилган грантнинг умумий қиймати 392 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу грант нафақат контракт тўловларини, балки талабанинг яшаш, овқатланиш ва бошқа зарур харажатларини ҳам қамраб олади.
Қайд этиш жоизки, Ҳарвард университети дунёдаги энг нуфузли олийгоҳларни бирлаштирган Ivy League (Иви лигаси) аъзолари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Университетга қабул жараёни ўта рақобатли бўлиб, ҳар йили минглаб иқтидорли ёшлар орасидан энг муносиб номзодлар саралаб олинади.
Дилафрўз Собирова халқаро имтиҳонларда юқори натижалар қайд этган. Хусусан, у IELTS имтиҳонидан 8.0 балл, SAT имтиҳонидан эса 1540 балл тўплаган. Шунингдек, немис тили бўйича Multilevel имтиҳонида B2 даражани қўлга киритган.
[gallery-26857]
Иқтидорли ўқувчи нафақат академик билими, балки жамоатчилик ва ижтимоий фаоллиги билан ҳам ажралиб туради. У мактабдаги эко-қўмита сардори сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларда фаол иштирок этган. Шунингдек, у Янги Ўзбекистон университети томонидан ташкил этилган Hogwarts ёзги оромгоҳи иштирокчиси ҳисобланади.
Дилафрўз халқаро танлов ва олимпиадаларда ҳам муносиб натижаларга эришган. Жумладан, у Breakthrough Junior Challenge танловида Top 30 фоиз иштирокчилар қаторига кирган видеолойиҳа муаллифи, HIPPO халқаро инглиз тили олимпиадасининг 2022–2023 йилги ярим финалчиси ҳамда инглиз тили фан олимпиадасининг Фарғона вилоят босқичи ғолибидир. Дилафрўз Собированинг муваффақияти Ўзбекистон ёшларининг халқаро майдонда рақобатбардош эканини яна бир бор намоён этди.
Шу муносабат билан Фарғона шаҳридаги Президент мактаби директори Обидхон Мўминов Дилафрўз Собирова хонадонида бўлиб, ўқувчининг ота-онаси ва оила аъзоларига мактаб жамоаси номидан ташаккурнома топширди.
Учрашув давомида директор ўқувчининг халқаро миқёсдаги ютуғи Президент мактаблари тизимида яратилган имкониятлар ва оиладаги қўллаб-қувватлашнинг самарали натижаси эканини таъкидлади. Шунингдек, у Дилафрўз Собированинг келгусида ҳам юксак натижаларга эришишига ишонч билдириб, оила аъзоларига таълим жараёнидаги ҳамкорлик ва меҳнатлари учун миннатдорлик билдирди.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар