Педагоглар синовдан ўтмоқда (+видео)
Навоий шаҳридаги “Келажак” марказида мактабгача, умумтаълим ва мактабдан ташқари таълим муассасалар педагоглари малака (тест) синовларидан ўтмоқда.
Юртимизда умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқитувчиларнинг билимларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуруламал вазифасини ўтамоқда.

Янги тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими, иккинчи босқичда уларнинг педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволи, педагогик маҳоратини баҳолаш учун 10 та савол-топшириқ берилади.

– Ўн тўрт йилдан бери ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан таълим-тарбия бериб келаман, – дейди Навоий шаҳридаги 8-мактаб ўқитувчиси Соҳиба Алижонова. – Бугунги кунда олий тоифали, етмиш фоиз устамага, миллий сертификатдан А даражасига эгаман. Шу кунларда республикамиз бўйлаб барча ҳудудларда умумтаълим фан ўқитувчилари учун аттестация имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Мен ҳам ушбу аттестация имтиҳонларида қатнашиб, Вазир жамғармаси устамасига даъвогарлик қилиб келдим ва 94 баллни эгалладим. Имтиҳон саволлари мураккаб, назарий жиҳатдан пухта, пишиқ тузилган. Ўзим ҳам ушбу имтиҳондаги саволларни ечиш давомида ўйлаб, мушоҳада қила олдим, мураккаб саволларни ечишда анчагина вақт сарфладим. Лекин шу билан бирга, ўқиганим, тайёрланганлигим учун саволлар менга қийинчилик туғдирмади.

Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Аттестация натижаларига доир электрон шаклдаги сертификатлар педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Жорий йилги кузги аттестация жараёнларида 9792 нафар педагог иштирок этиши режалаштирилган бўлиб, 28 ноябрга қадар давом этади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири